Қишлоқ хўжалиги: ислоҳот, имконият ва самара
Бухорода 22 апрель – Халқаро ер куни ҳамда Конституциявий қонун лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан ташриф буюрган кластерлар раҳбарлари, томорқа ер эгалари, қишлоқ хўжалиги соҳаси фахрийлари, маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар, аёллар ва ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов шу йилнинг 30 апрел куни ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси референдумига қизғин ҳозирлик кўрилаётганлиги, жойларда бўлиб ўтаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларида янгиланаётган Конституция, унинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга эга. Бозорларимиз тўкин, халқимиз ризқи мўл-кўл бўлишидан тортиб экспортдан қўшимча даромад топишгача бўлган жуда кўп масалалар шу соҳа билан боғлиқ. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Давлат харид нархлари қарийб 3 баробарга кўпайтирилгани натижасида манфаатдорлик ошди. Пахтачилик ва ғаллачилик ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айланди. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилди. Бу иқтисодиётимизнинг асосий ўсиш нуқтаси, “драйвери” бўлди. Минг-минглаб иш жойлари яратилди, одамларнинг даромади ошди.
– 45 йилдан буён қишлоқ хўжалигининг анорчилик йўналиши бўйича фаолият олиб бораман, –дейди Фарғона вилоятидаги “Қува анори” агрофирмаси раҳбари Мастурахон Сайфитдинова. –Боғдорчилик ва анорчиликка эътибор камайиб бораётган эди. Президентимиз 2017 йил Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида анорчиликни ривожлантириш ҳамда кўпайтириш борасида ғоя берган эди. Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бунинг ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона-Қува йўналишидаги қаровсиз бўлиб ётган йўл ёқасидан 300 гектар ер майдони ажратилди. Президентимиз 2018 йилда анорчилик агрофирмамизга ташриф буюриб, “Тепа худодан, паст бандадан. Ерга меҳр бериб ақл билан ишласа, албатта натижасини кўради” деган эди. Мана хозирги кунга келиб 600 нафардан зиёд аҳоли доимий иш билан таъминланди. Фарғона вилояти мева-сабзавот йўналишида кенг ривожланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Фарғонага ташрифлари чоғида вилоятнинг хар бир худудидан келиб чиққан ҳолда, Қувасой шаҳарда гилосчилик, Қувада анорчилик ҳамда ўзининг узумлари билан машҳур бўлган Олтиариқда эса узумчиликни ривожлантириш бўйича алоҳида қарорлар қабул қилди. Шу билан бирга, ҳар бир соҳанинг илмий томонига алоҳида эътибор беришлари натижасида Фарғона давлат университетида анорчилик ва узумчиликни ривожлантириш бўйича йўналиш очилиб, хозирда ёшларимиз ушбу даргоҳларда илм олмоқда.
[gallery-11575]
Авваллари 40-50 сотих ер майдонида боғ ташкил қилиш учун қарор чиқариш одамлар учун армон эди. 2020 йил ноябрь ойидан бошлаб Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани энг чекка чўл ҳудудидан 5 минг гектардан зиёд қаровсиз ер ажратилиб, янги анорзорлар ташкил қилинди. Ушбу анорзорлар ташкил этилиши натижасида “Ёшлар”, “Аёллар” ва “Темир” дафтарда турган аҳолининг 3 мингдан зиёдроғи доимий иш билан таъминланди. Мана ҳозирги кунга келиб биргина Сурхондарё вилоятининг ўзида 8 минг гектарга яқин анорзорлар ташкил этилган.
Ҳар биримиз, ўз-ўзимизга савол берайлик. Кейинги 6-7 йилда ҳаётимизда, тақдиримизда нималар ўзгарди? Худди бу ўз-ўзидан бўлаётгандай. Аслидачи, юртбошимизни фуқароларни уйли, ишли, даромадли қилиб инсон қадрини кўтаргани эмасми?. Мана аввалги Конституциямиз 125 бобдан иборат бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Конституциямиз 155 бобдан иборатлиги, ҳар бир боб, ҳар бир моддаларда инсонга ҳурмат ва унинг қард-қиммати оширилаётганлигини кўриб турибмиз. Мен шу ерда мамнуният билан айта оламанки, мана шу Конститутциянинг энг катта боби бўлган оила бобига ўзимнинг таклифимни берган эдим. Менинг таклифим ҳам шу бобга киритилди. Шу билан бирга пенсия ва нафақаларнинг истеъмол харажатларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланганлигини қўллаб-қувватлайман. Ушбу Конституцияда фарзандларимни, невараларимни ёрқин келажагини кўрмоқдаман. Шунинг учун бу Конституция менинг, бизнинг, халқимизнинг конституциясидир, деб айта оламан.
–Олийгоҳни тугатганимдан сўнг вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасида 12 йил ишладим, – дейди Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани “Agricultural Eksports Development” корхонаси таъсисчиси Жасур Раупов. – Мен ишлаган даврларда давлат соҳасида ишлаб, орзу-ҳавас қилиш анча-мунча қийин бўлган. Оддийгина автомашинам бўлмаган. Фарзандларим дунёга келгач оладиган маошим етишмаслигини англаб етиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги пайдо бўлди. Хорижий тилларни яхши билишим ҳамда чет элликлар билан бизнес музокаралар ўтказиш кўникмаларим мавжудлиги сабабли 2014 йилда Республикамизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилишни мақсад қилиб биринчи корхонамни ташкил қилдим. Ўша вақтларда қишлоқ хўжалиги махсулотларини экспорт қилишдан тушган валюта маблағлари давлат курси бўйича 50 фоиз қисми мажбуран сотиб олинар ва бу эса маҳсулот тан нархи ошишига ҳамда хорижлик ҳамкорларимизни эътирозларига сабаб бўлар эди. Чунки хорижий ҳамкорларимиз ўзлари Ўзбекистонга келиб, нақд валюталарини “қора бозор” курси ҳисобида ўша қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишлари ва ноқонуний йўллар билан олиб чиқишлари афзалроқ эди. Бу ҳолат корхонамиз маҳсулотларининг ташқи бозорда рақобатбардошлигини туширарди. Бугун вазият мутлақо бошқача. Ва бу имкониятдан мен ҳам фойдаланиб, ўз фаолият йўналишимни кўпайтириб, бизнесимни кенгайтирдим. 2022 йилнинг ўзида вилоятимизнинг иккита туманида янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташкил этиб, 120 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Биргина Қоровулбозор туманидаги корхонамиз томонидан 1,5 миллион АҚШ долларлик мош маҳсулотлари Хитойга экспорт қилинди. Шунингдек, вилоятда биринчилардан бўлиб, 3 дона жами 180 гектар майдонда Bauer компаниясининг кенг қамровли сув тежамкор ёмғирлатиб суғориш машиналари ўрнатилиб, ишга туширилди ва бу қадам ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида берилаётган катта эътиборнинг мисоли бўла олади. Айтмоқчиманки, бу эришилган натижаларим, давлатимизни менга ўхшаган тадбиркорларга қонунлар билан мустаҳкамлаб, яратиб берган имконият ва шарт-шароитлари маҳсули ҳисобланади. Шу маънода, мен 30 апрель куни референдумда фаол қатнашиб, ўз овозимни ана шундай катта ўзгаришлар учун бермоқчиман. Сиз ҳам бефарқ бўлманг. Овозингиз билан кучли эканлигингизни ҳис қилинг.
– Тадбиркорлик фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Мустакилликка эришган илк йилларидан бошлаганман, – дейди Хоразм вилоятидаги “TOMARIS NUR CHORVA” фермер хўжалиги раҳбари Мақсуда Абдуллаева. –Ўшанда тадбиркорлик фаолиятимни мутахассислигим бўйича оддий аптека ташкил этиб, одамларга қулайлик яратиш, мижозларга хизмат кўрсатишдан иборат эди. Кичкинагина корхонамда ишчилар сони ҳам у қадар кўп эмасди. Топадиган даромадимиз эса харажатларни қоплашга зўрға етарди холос. Шунга қарамасдан, турли назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар кўп бўларди, лекин кейинчалик давлатимиз томонидан тадбиркорликка кенг йўл очиб, шароитлар яратиб, ҳар хил текширувларга ҳам чек қўйилди, шу билан тадбиркорлигимни нафақат оддий аптекани юритиш, балки бошқа йўлналишлар бўйича хам амалга ошириш мумкинлигини тушуниб етдим. Янада катта даромадли фаолият билан шуғулланиш учун изланишлар қилдим. 2016 йил кредит эвазига бўлса ҳам кўзимни чирт юмиб, янги ишга қўл урдим. Бошида хавотир бўлгани рост. Ахир ўзи бўладими? Умрида чорвачилик соҳаси нималигини билмаган одамнинг чорвачилик фермер хўжалиги ташкил этиб қора мол боқиши бошқаларга ҳам эриш туюлди. Ўшанда устимдан кулганлар, менинг тез орада синиб, яна аптекага қайтишимни кутганлар ҳам бўлди. Йўқ. Тадбиркорликни равнақ топтириш бўйича пухта ўйланган сиёсат туфайли бирим икки эмас, ўн эмас, юз бўлди, минг бўлди. Германия давлатидан олиб келинган 200 га яқин наслли қора молларимиз, бугунги кунга келиб 1000 тадан ошди. Ҳозирда уларни парваришлаб, кўпайтириб, аҳолига сут ва гўшт етиштириб бермоқдамиз. Шунингдек, сутни қайта ишлаш заводини ҳам йўлга қўйдик. Янгиланаётган Конституциянинг 12-бобида жамиятнинг иқтисодий негизлари тўла-тўкис очиб берилган. Бу бугунги сиёсатнинг ортга қайтмаслиги ва ислоҳотларнинг бардавомлиги белгисидир. Мен 30 апрель куни ана шу ўзгаришлар ва халқни ўйлаб қилинаётган ислоҳотлар учун овоз бераман.
Байрамона руҳда кечган тадбир сўнгида санъаткорлар томонидан ижро этилган инсон қадри, Она Ватан, тинчлик, муҳаббат ҳамда ёшликни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар, дилрабо рақслар тадбирга ўзгача жозиба бағишлади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА