Қишлоқ хўжалиги ишлари ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Косонсой туманида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Айни кунларда тумандаги пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида 2026 йил ҳосили учун чигит экишга ер тайёрлаш, бараналаш, ўғит солиш билан бирга пушта олиш ишлари якунланиб, экишга шай ҳолга келтирилган майдонларда “Шинжон” тажрибаси асосида 76 схемада қўшқатор усулида чигит экиш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилда туманда 3243 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган бўлиб, шундан 1108 гектарда “Шинжон” усулида плёнка остига экиш амалга оширилади. Бу жараёнларга 26 та ер тайёрлаш ва экиш отряди, 3 та уруғлик чигит тарқатиш шохобчаси, 100 та техника ва агрегат, шунингдек, 60 нафардан зиёд мутахассис жалб этилган.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ туманда қишлоқ хўжалиги ишлари билан танишди.
[gallery-28595]
“Деҳқонобод” ҳамда Ш. Рашидов номидаги ММТПлар ҳудудида жойлашган қатор фермер хўжаликларида экиш жараёнлари кўздан кечирилди. Шунингдек, ғаллазорларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, жумладан, бегона ўтларга қарши гербицид ва фунгицидлар билан ишлов бериш, суспензия сепиш, ўғитлаш, дала маданиятига риоя этиш, ариқ-зовурларни тартибга келтириш, дала четларига тут ва ток кўчатлари экиш, пушта олиш ишларини жадал ва сифатли якунлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА