Қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш – долзарб масала
Мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Сўнгги йилларда ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилиб, назорат механизмлари янада кучайтирилмоқда.
Бироқ айрим ҳудудларда ер қонунчилиги талабларига зид ҳолатлар ҳамон учраб, қишлоқ хўжалиги ерларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида ер ресурсларидан самарали фойдаланишга салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг муомаладан чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шу жиҳатдан мазкур масала доимий эътибор ва қатъий назоратни талаб этади.

Мазкур долзарб мавзу юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг Хоразм вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш шуъбаси бошлиғи Н.Каримовга саволлар билан мурожаат қилдик.
– Қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш бугунги кунда нечоғли долзарб масала?
– Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки ушбу ерлар мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шу боис уларни ноқонуний қурилишлардан асраш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, шунингдек, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Айни пайтда жойларда ердан фойдаланиш устидан назорат тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу орқали қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда уларни келгуси авлодлар учун асраб қолишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Хоразм вилоятида олиб борилган мониторинглар натижалари ҳақида маълумот берсангиз.
– “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинглар давомида Хива шаҳрининг бир қатор ҳудудларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, Гулшан-2 маҳалласида жойлашган “Хива” массивида “Мафтунахон” фермер хўжалигига тегишли ер майдонида олиб борилган ўрганишлар давомида умумий майдони 195 квадрат метр бўлган ноқонуний бино ва бостирма қурилгани аниқланди. Мазкур ҳолат қишлоқ хўжалиги ерларининг муомаладан чиқишига сабаб бўлиб, 12 миллион 669 минг сўмдан ортиқ зарар етказилган.
– Бошқа ҳудудларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилдими?
– Албатта. Қибла Тозабоғ маҳалласи ҳудудида фаолият юритувчи “Khiva Garden Fruit” МЧЖга тегишли ер майдонида ҳам ўзбошимчалик билан 157 квадрат метр майдонда қурилиш ишлари амалга оширилгани аниқланди. Ушбу қонунбузарлик натижасида 13 миллион 770 минг сўмдан зиёд зарар етказилган.

Шунингдек, Лолазор маҳалласида жойлашган “Хива Таланти” фермер хўжалигига қарашли ер майдонида ҳам ноқонуний равишда 56 квадрат метр ҳажмдаги қурилиш ишлари бажарилгани аниқланиб, 4 миллион 664 минг сўм миқдорида зарар ҳисобланди.
– Аниқланган ҳолатлар юзасидан қандай чоралар кўрилди?
– Барча аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Хива шаҳар прокуратурасига тақдим этилди.
– Мутахассис сифатида бу каби қонунбузарликларнинг оқибатлари ҳақида нима дея оласиз?
– Қишлоқ хўжалиги ерларидан ноқонуний фойдаланиш тупроқ унумдорлигининг пасайишига, экин майдонларининг қисқаришига ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммолар юзага келишига олиб келади. Шу боис ер эгалари ва фойдаланувчиларидан қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, ерга масъулият билан ёндашиш талаб этилади.
Суҳбатдан кўриниб турибдики, ер ресурсларини асраб-авайлаш ва улардан самарали фойдаланиш нафақат бугуннинг, балки келажак авлодлар манфаатини ҳам таъминловчи муҳим омилдир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА