Қишлоқ ва сув хўжалигида минтақавий ҳамкорлик: Ўзбекистон тажрибаси ўрганилмоқда
Ўзбекистонда 2-7 ноябрь кунлари Марказий Осиё ва Озарбайжондан 30 нафар мутахассис қишлоқ ва сув хўжалигида барқарор бошқарув бўйича халқаро дастурда қатнашди. Мазкур тажриба алмашинуви минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб беради.
Жорий йил Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Қишлоқ ва сув хўжалигида барқарор бошқарув ва самарадорлик” махсус халқаро ўқув-танишув дастури ўтказилди. Тадбир ташкилотчилари — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Агробанк. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 30 нафар раҳбар ва мутахассислари иштирок этди.
Мақсад қишлоқ ва сув хўжалигида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, Ўзбекистоннинг аграр ва сув хўжалиги мажмуаларини бошқаришдаги замонавий ёндашувларини таништириш, шунингдек, Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги яхши қўшничилик ва шерикчилик муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат.

- Меҳмонлар Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашди, - дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Акмал Шамсиев. – Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув танқислигининг олдини олиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ҳамда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни биргаликда амалга ошириш бўйича яқин ҳамкорликда ишлаш таклифини билдиришди.
Олти кун давомида хорижий меҳмонлар соҳадаги етакчи корхоналар, лабораториялар ва илмий марказларда бўлиб, мутахассислар билан амалий мулоқот қилди. Дастурнинг расмий очилиши 2 ноябрь куни “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида бўлиб ўтди.

Тадбир давомида меҳмонларга мамлакатимизда аграр соҳани кластер тизими асосида ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда қўшилган қиймат занжирини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, мавжуд суғориш инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳар бир томчи сувдан унумли фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Ташриф дастурининг кейинги қисмида меҳмонлар университет кампуси фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда қишлоқ ва сув хўжалиги учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнига илғор технологияларни татбиқ этиш, механизация, рақамлаштириш, атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда ер ресурсларини бошқариш йўналишларидаги ўқув ва илмий салоҳият билан таништириш имкони яратилди.
Иштирокчилар Агросервислар марказида (AKIS) қишлоқ хўжалигида агродронларни қўллашнинг иқтисодий самарадорлиги, иссиқхона шароитида қулупнай етиштириш технологиялари, шунингдек, Корея Республикаси тажрибаси асосида яратилган “Ақлли қишлоқ хўжалиги” саноат технологиялари инновацион маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонлар Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида картошка туганакларини in-vitro шароитида етиштириш технологиясини ўрганди.
Айниқса, Сув хўжалиги вазирлигининг “Сувчилар мактаби” фаолияти ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Agrolab” комплекс қишлоқ хўжалиги лабораториялари маркази иши билан танишув уларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, улар Янгийўл туманидаги «Хоррот Фиш Хаус» масъулияти чекланган жамиятида балиқ етиштиришнинг кластер тизимини кўришди. Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги «Agro New Drip» масъулияти чекланган жамиятида сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқариш жараёни ҳам уларда катта қизиқиш уйғотди.
Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги «Навобод наслли парранда» фермер хўжалиги ва «Агромир» масъулияти чекланган жамияти, Тойлоқ туманидаги «Пюрмилки Воркс» корхонаси, Пайариқ туманидаги Имом ал-Бухорий мажмуаси ва Самарқанддаги Регистон ансамбли ҳам ташрифнинг навбатдаги манзили бўлди.
- Ўзбекистонда сув тежовчи технологиялар соҳасида қилинаётган ишлар ва илмий изланишлар билан яқиндан танишдик, - дейди Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили Шовки Лалашов. - Шуни англаб етдикки, сув тақчиллиги шароитида Ўзбекистон аграр соҳасида юқори ҳосил олишга эришилмоқда. Мен фурсатдан фойдаланиб, меҳмондўст ўзбек халқига ўз ташаккуримни билдирмоқчиман.

Дастурнинг сўнгги иш куни - 7 ноябрь санасида эса асосий эътибор аграр таълим тизимидаги ўзгаришлар, илмий салоҳият ва замонавий кадрлар тайёрлаш масалаларига қаратилди. Халқаро иштирокчилар Тошкент давлат аграр университетида бўлиб, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги таълимини такомиллаштириш, ўқув жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этиш ва таълимни ишлаб чиқариш билан интеграциялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди.

“AgroWater Management” дастури қатнашчиларига Ўзбекистоннинг қишлоқ ва сув хўжалигини бошқаришдаги амалий тажрибасини жойида кўриш, соҳа раҳбарлари ва мутахассислари билан бевосита мулоқот қилиш имконияти яратилди. Ташриф доирасида ўрнатилган алоқалар минтақа давлатлари ўртасида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов,
Алимурод Мамадаминов (сурат)
ЎзА