
Фарғона вилояти Қўштепа туманида бундан бир неча йил аввал чим устида хоккей қизлар жамоаси ташкил этилганди. Ўшанда марказдаги мутахассислардан бири истеҳзоли кулиб қўйган, кўрайликчи, қаергача боришар экан, деганди.
Фидойи инсон, спорт устаси Абдуҳамид Ваҳобов бошчилигидаги жамоа узоқ куттирмади. Дастлабки йилиёқ вилоят мусобақасида ғолиб, кейинги йил республикада совриндор, яна бир оз фурсат ўтиб халқаро мусобақалар иштирокчиси бўлди. Футбол жамоаси бўлмаган қўштепалик ишқибозлар чим устида хоккей кўргани борадиган бўлишди. Лекин томошабинга имкон, шароит йўқ эди. Чунки қизлар жамоаси мактабнинг мослашган стадионида ўйнар эдида. Ниҳоят чавғон сурган спортчилар орзуларига етишди. Янги ўйингоҳ мажмуаси қурилишига 40 миллиард сўм ажратилди.
Мажмуа замонавий стандартларга жавоб берадиган майдон, кийиниш хоналари, томошабинлар учун қулай шароитлар ва бошқа зарур инфратузилмаларга эга.
– Стадион фойдаланишга топширилиши муносабати билан 21 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Ўзбекистон биринчилиги ўтказилди, – дейди чим хоккей қизлар жамоаси мураббийи Абдуҳамид Ваҳобов. – Унда Андижон, Самарқанд ва Наманган йигитлар жамоалари биринчи-учинчи ўринларни эгаллашди. Бизнинг қизлар эса 6-12 май кунлари Бухорода бўлиб ўтган 18 ёшлилар ўртасидаги Ўзбекистон биринчилигида мамлакат чемпиони бўлиб қайтдилар.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА