"Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳаси натижалари сарҳисоб қилинди
Тошкентда қишлоқ тараққиёти бўйича эришилган натижалар, тажриба алмашиш ва лойиҳаларни давлат дастурлари билан уйғунлаштириш масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Унда давлат идоралари, халқаро молия институтлари, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудлардан маҳалла вакиллари иштирок этди.
Анжуман очилишида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафоев, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Нажи Бенхассин ва бошқалар қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий эҳтиёжларни инобатга олиш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Жаҳон банки гуруҳи ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда амалга оширилган "Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳасининг биринчи босқичи натижалари сарҳисоб қилиниб, иккинчи босқич вазифалари муҳокама этилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафоев қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришда маҳаллий аҳолининг эҳтиёжлари ва ташаббусларини инобатга олиш муҳимлигини қайд этди.
– Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришда маҳаллий аҳолининг эҳтиёжлари ва ташаббусларини инобатга олиш муҳим аҳамиятга эга. Биринчи босқичда амалга оширилган ишлар маҳаллалардаги устувор муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этишда аҳоли иштирокини таъминлаш ва инфратузилма объектлари сифатини жамоатчилик назорати орқали ошириш имконини берди. Энди ушбу тажрибани кенгайтириб, қишлоқларда иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қиладиган ташаббусларни ҳам қўллаб-қувватлаш зарур, – деди у.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Шу боис бу ҳудудларда йўл, сув, электр таъминоти ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга. 2019-2026 йилларга мўлжалланган лойиҳанинг биринчи босқичи Жаҳон банки таркибидаги Халқаро тараққиёт уюшмасининг 100 миллион доллари ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 82 миллион доллари ҳисобидан молиялаштирилди. Мазкур маблағлар Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги 306 та маҳаллада 900 дан ортиқ кичик инфратузилма лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилди.
[gallery-32347]
Жумладан, йўллар, электр ва сув таъминоти тармоқлари қурилди ҳамда модернизация қилинди. Шунингдек, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ва кўприклар барпо этилди ёки таъмирланди. Натижада қарийб 1 миллион нафар қишлоқ аҳолиси ушбу ишлардан бевосита манфаат кўрди. Уларнинг тахминан ярмини аёллар ташкил этади.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Нажи Бенхассин лойиҳада аҳоли иштирокини таъминлашга асосланган ёндашувнинг аҳамиятига тўхталди.
– Қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришда инфратузилмага инвестиция киритиш билан бирга, маҳаллий жамоаларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини таъминлаш ҳам муҳимдир. Лойиҳа аҳолининг ўз эҳтиёжларини белгилаши ва устувор ташаббусларни амалга оширишда бевосита қатнашишига асосланган ёндашувнинг амалий аҳамиятини кўрсатди. Ушбу тажрибани иккинчи босқичда янада ривожлантириш қишлоқ аҳолиси учун янги иқтисодий имкониятлар яратишга хизмат қилади, – деди Нажи Бенхассин.
Шунингдек, лойиҳанинг иккинчи босқичи тақдим этилди. Унинг умумий бюджети 320 миллион доллар бўлиб, маблағлар Халқаро тараққиёт уюшмаси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва Ўзбекистон ҳукумати ҳиссаси ҳисобидан шакллантирилади.
Қайд этилгани каби дастур Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги 296 та маҳаллада амалга ошириляпти. 2031 йилга қадар қарийб 1,2 миллион нафар аҳолини, жумладан, 600 минг аёл ва 300 минг ёшни қамраб олиш кўзда тутилган.
Анжуманда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, лойиҳанинг иккинчи босқичидаги устувор вазифалар белгиланди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА