Қишлоқ аёли – фотографлар нигоҳида
Тошкент Фотосуратлар уйида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” муносабати билан 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишлаб фотокўргазма бўлиб ўтмоқда.
Кўргазма Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Тошкент Фотосуратлар уйи томонидан ташкил этилди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2008 йил 12 февралдаги “Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш тўғрисида"ги резолюциясига асосан, 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни, деб эълон қилинган.
БМТ мазкур кунда қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг муаммоларига эътибор қаратишга, хусусан, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлашга чақиради.
Шу муносабат билан ташкил этиладиган маънавий-маърифий тадбирларда қишлоқ хўжалигининг ривожланиб бориши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида сўз юритилиб, қишлоқларнинг ободлиги ва фаровонлигини оширишда аёлларнинг қўшаётган ҳиссаси ва ўрни эътироф этилади.

Ушбу кўргазма экспозицияларида эса, қишлоқ аёллари кундалик ҳаётининг турли жабҳалари ўз ифодасини топган бадиий фотографиялар намойиш этилмоқда.
Кўргазмани икки қисмга бўлиш мумкин: биринчи қисмда намойиш этилаётган фотосуратларнинг асосий қисмини оқ-қора рангдаги ретросуратлар ташкил этади. Уларда ўз даври ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатган таниқли ва фаол хотин-қизлар гавдаланади. Фотосуратлар Ўзбекистон Давлат архивида сақланаётган ретроспектив ва ноёб асарларнинг нусхаларидир.
Иккинчи қисмда намойиш этилаётган рангли фотосуратлар бугунги, замонавий ҳаётимизни акс эттиради. Улар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг “Фоторассомлар шўбаси” аъзолари ҳамда Ўзбекистон Миллий Ахборот агетлиги – ЎзА фотомухбирлари, шунингдек, ёш фотографларнинг бадиий фотосуратларидан ташкил топган.
Уларда бугунги кун қишлоқ аёлларининг меҳнат жараёнлари ёки турли ҳаётий жабҳа ва ҳолатлардаги бадиий фотосуратлари жамланган.
Н.Усмонова, ЎзА