Кўҳна Тошкентнинг қадимийлиги, аҳолисининг турли маросимлари ва ижтимоий ҳаёт даражасини кўрсатиб берувчи кўплаб ёдгорликлар мавжуд ҳамда янгидан-янги топилмаларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Оҳангарон тумани, Кандирсой қишлоғи ҳудудидан ноёб археологик топилма – милодий II–IV асрларга оид катакомба типидаги қабр аниқланди.
Бу қишлоқ аҳолиси томонидан тасодифан топилган бўлиб, вазият ҳақида ангренлик археолог Ғайратхон Мухторовга етказилган. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий археология маркази томонидан тузилган гуруҳ мазкур манзилга етиб бориб, илмий текширув ишларини олиб бордилар.

– Аниқланган қабр адирлик ҳудудда, Оҳангарон дарёсининг чап соҳилига яқин, Кандирсой сойининг дарёга қуйилиш қисмига яқин жойлашган, – дейди Тарих институти кичик илмий ходими Убайдулла Исмоилов. – Қабрга кириш қисми тошлар билан беркитилган. Йўлак ҳам ўз вақтида тупроқ билан тўлдирилиб, зичланган.
Қабр ичида бир эркак ва бир аёл дафн қилинган бўлиб, эркак скелетининг сон суяклари орасига силлиқланган тош буюм – эҳтимол, тиғ ва пичоқларни чархлаш учун мўлжалланган асбоб жойлаштирилган. Скелетлар ёнидан иккита сопол кўза ҳам топилган. Дастлабки тахминларга кўра, кўзалар ичида сут маҳсулотлари сақланган бўлиши тахмин қилинмоқда. Ушбу топилмалар шакли, ясалиш услуби ва дафн маросими одатлари билан Тошкент воҳасида кенг тарқалган қадимги Қовунчи археологик маданиятига мансуб.
Илк бор бу маданият излари Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Қовунчитепа ёдгорлигидан топилганлиги учун ҳам шу ном билан аталади. Бу маданият Турон ҳудудида Қанғлилар бошқаруви даврига (тахминан милоддан олдинги III – милодий V аср ўрталарига тўғри келади.
Пискент, Кавардан, Тайпан, Дўланабулоқ, Турқушн, Эртош-Дўлана, Суйирлитепа каби ёдгорликлардан аниқланган қабрлар билан янги топилманинг ўхшашлиги унинг даврлаштирилишини илмий жиҳатдан исботлайди. Олимларнинг тадқиқотлари ушбу даврнинг археологик белгиларини аниқлашда асосий манба сифатида хизмат қилмоқда.
Маълумотларга кўра, Кандирсой ҳудудида топилган қабр Тошкент воҳасининг қадимий тарихини ва Қанғлилар давридаги маданий ҳаётни янада чуқурроқ ўрганиш имконини яратади.
Бу ўз мазмун-моҳияти билан Тошкент воҳасининг қадимийлигини, аҳолининг диний маросимлари ва ижтимоий ҳаёти даражасини кўрсатиб беради. Ҳозирда топилма устида батафсил ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда натижалар асосида илмий мақолалар ва махсус илмий нашрлар тайёрланмоқда.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА