Қиш синовларига — бугундан тайёргарлик
Қиш фасли табиатнинг ўзига хос синовларидан бири. Қор, муз, кучли шамол, кескин совуқ, ёғингарчилик каби табиий ҳодисалар нафақат кундалик турмуш тарзига, балки электр ва газ таъминоти, транспорт ҳаракати, коммунал инфратузилма ҳамда аҳоли хавфсизлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, фавқулодда вазиятлар юзага келганда ҳар бир дақиқа, ҳар бир қарор ва ҳар бир ҳаракатнинг аҳамияти беқиёс.
Шу боис мамлакатимизда аҳоли ҳаёти ва саломатлигини асраш, ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини тезкор бартараф этиш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон қадри, унинг ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Бу эса фавқулодда вазиятларга шунчаки жавоб қайтариш эмас, балки уларнинг олдини олиш, хавфни олдиндан кўра билиш ва аҳолини ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтиришни тақозо этади. Бухоро вилоятида ҳам ана шу вазифалардан келиб чиқиб, 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.
Вилоятда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай ҳолатларда ҳаракат қилиш давлат тизими — ФВДТ хизматларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражасини баҳолашга қаратилган махсус ўқув машғулотлари ўтказилди. Унда масъул хизматлар, қутқарув тузилмалари ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг мавсумий хавф-хатарларга қанчалик тайёр экани амалиёт орқали синовдан ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда масъул хизматларнинг доимий шайлиги, тезкорлиги ва ўзаро ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.


Зеро, фавқулодда вазиятнинг ўзи ҳеч қачон “қачон бўлади?” деб огоҳлантирмайди. Аммо унга тайёргарлик кўриш, хавфни олдиндан баҳолаш, куч ва воситаларни шай ҳолатга келтириш — инсон қўлида. Шу маънода, ўтказилган ўқув машғулотлари оддий тадбир эмас, балки реал вазиятларга тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлди. Машғулотлар доирасида ФВДТ хизматларининг саф кўриги ўтказилиб, шахсий таркиб, махсус техника, қутқарув воситалари ва зарур жиҳозларнинг мавсумга тайёргарлиги кўздан кечирилди. Бу жараёнда нафақат техника борлиги, балки унинг исталган вақтда ишга туширилиши, қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатланиши, зарур ҳудудга қисқа фурсатда етиб бориши ва фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш имкониятлари ҳам амалий жиҳатдан баҳоланди. Чунки фавқулодда вазиятларда бир неча дақиқалик кечикиш ҳам катта оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун махсус техника, қутқарув анжомлари, алоқа воситалари, ёқилғи захираси ва шахсий таркибнинг тайёрлиги қоғоздаги маълумот эмас, амалиётда ўз тасдиғини топиши керак. Ўқув машғулотларининг аҳамияти ҳам айнан шунда — ҳар бир хизмат ўз вазифасини, ҳар бир мутахассис ўз масъулиятини, ҳар бир техника ўз йўналишини аниқ билиши зарур.
Ўқув машғулотлари давомида қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган турли хавф-хатарлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, ноқулай об-ҳаво шароити, кучли ёғингарчилик, кескин совуқлар, электр ва газ таъминотидаги узилишлар, ёнғинлар, транспорт ҳаракатидаги мураккабликлар ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар назардан ўтказилди.


Айниқса, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш, иситиш мавсумида ёнғинларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш каби масалалар доимий эътиборда бўлиши зарур. Чунки хавфсиз қиш фақат қутқарувчиларнинг шайлиги билан эмас, ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона ва ҳар бир фуқаронинг масъулияти билан таъминланади.
Машғулотларнинг яна бир муҳим жиҳати — фавқулодда вазият содир бўлганда турли хизматларнинг бир мақсад йўлида, ягона бошқарув ва аниқ мувофиқлаштирув асосида ҳаракат қилишини синаб кўришдир. Зеро, фавқулодда вазиятда биргина хизматнинг ҳаракати етарли бўлмаслиги мумкин. Қутқарувчилар, тиббиёт ходимлари, энергетика, газ таъминоти, коммунал хизматлар, ички ишлар ва бошқа масъул тузилмаларнинг ҳамжиҳатлиги воқеа оқибатларини тезроқ бартараф этиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, ўқув машғулотлари давомида куч ва воситаларни белгиланган ҳудудларга сафарбар этиш, аҳолини хавфсиз жойларга кўчириш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, зарар кўрган ҳудудларда тиклаш ишларини ташкил этиш каби йўналишларда амалий кўникмалар янада мустаҳкамланди. Бу — фавқулодда вазиятлар хизмати учун машқ, аҳоли учун эса хотиржамлик кафолатидир.


Куз-қиш мавсумига тайёргарлик якунлари бўйича хизматларнинг ҳолати баҳоланиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мавжуд куч ва воситаларнинг доимий шайлигини таъминлаш ҳамда профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Аслида, фавқулодда вазиятлар соҳасида энг катта натижа содир бўлган ҳодисани қаҳрамонлик билан бартараф этиш эмас. Энг катта натижа — унинг олдини олиш, инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган вазиятни барвақт аниқлаш ва фалокатга айланишига йўл қўймасликдир. Бугун Бухоро вилоятида ўтказилаётган бундай машғулотлар ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири