Қиш мавсумига тайёргарлик бошланди
“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан ўтган куз-қиш мавсумида табиий газ таъминотида етишмовчиликлар кузатилган ҳудудлардаги муаммолар ўрганиб чиқилди.
Ҳозирда газ таъминоти тизимини 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда Наманган вилоятида жами 16,3 километр газ тармоқларида реконструкция қилиш, 2,3 километр газ тармоқларида мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

– Бугунги кунда Наманган шаҳрининг Янги Наманган тумани ҳудудида Д-325 миллиметрли 2,5 километр узунликдаги газ тармоқларида реконструкция ишлари бошлаб юборилди, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори Шавкат Отахонов. – Мазкур амалий ишлар натижасида Меҳнатобод, Янги Замин, Сиҳатгоҳ, Чаманзор, Дўстлик, Атанган Гузар ва Ишонч маҳаллалари ҳудудларида жойлашган 12 минг 554 аҳоли хонадонида “зангори олов” таъминотини яхшиланишига эришилади. Шунингдек, “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида газ тармоқларида модернизация қилиш ишлари амалга оширилади. Бу каби саъй-ҳаракатлар энг аввало, истеъмолчиларга хавфсиз ва узлуксиз табиий газ етказиб беришга қаратилган.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.