Қиш мавсуми кўнгилдагидек ўтади
Навоий вилояти прокуратураси ва “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан туманда мавсумга ҳозирлик, авария захиралари яратилганлиги ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Бугунги кунда Кармана туманида табиий газ истеъмолчилари сони 35 мингдан зиёдроқни ташкил этади. Қиш мавсумининг беталафот ўтиши, табиий газнинг узлуксиз ва маромда етказиб берилиши юзасидан тумангаз газ таъминоти бўлими томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бўлим ходимлари томонидан мунтазам равишда амалга оширилган ишларнинг сифат даражаси назорат қилиб борилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида Хўжа Хисрав маҳалласида олиб борилаётган реконструкция ишлари билан танишилди. Мазкур маҳалладан ўтувчи ер ости газ қувурлари ер устига чиқарилиб, монтаж ишлари олиб бориляпти.
– Бу ерда 160 метр ер усти газ қувурлари тортилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 80 метр газ қувурлари ер устига чиқарилди, – дейди “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Шавкат Раҳмонов. – Ушбу ишлар якунига етгач, маҳалладаги қирққа яқин хонадонда табиий газ таъминоти янада яхшиланади. Шунингдек, Нарпай маҳалласида ҳам аҳолига етказиб берилаётган табиий газ босимини янада яхшилаш мақсадида юқори босимли газ тақсимлаш қурилмаси янгисига алмаштирилди.
Ишчи гуруҳи томонидан тумангаз газ таъминоти бўлими биносида яратилган авария захираси ҳолати ҳам ўрганилди. Бўлимда газ билан боғлиқ турли фавқулодда ҳолатлар юз берганда тезкор чоралар кўриш учун иккита авария бригадаси ташкил этилган бўлиб, уларга 12 та ишчи-ходим бириктирилган.
Ўрганишлар жараёнида тумангаз газ таъминоти бўлими ходимларига мавсумни кўнгилдагидек ўтказишга оид зарур топшириқлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири