Қиш мавсуми беталафот ўтади
Навоий вилояти Учқудуқ туманида қишнинг совуқ ва қировли кунларида иситиш, электр ва газ таъминотида муаммолар бўлмайди. Бу ҳақда Халқ депутатлари Учқудуқ тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилинди.
Туманда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга доир амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилган сессияда туман Кенгаши депутатлари, ҳоким ўринбосарлари, секторлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди.

Дастлаб “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида корхона раҳбари Бахтиёр Элмуродов ҳисобот берди. Таъкидланганидек, тумандаги 6 та уй-жой мулкдорлари ширкати фаолияти тугатилиб, улар ўрнида 6 та Бошқарув сервис компанияси ташкил этилди. Бугунги кунда улар 305 та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатмоқда. Туманда 25 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 992 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Унинг 491 миллион сўми Бошқарув сервис компаниялари, 501 миллион сўми эса Республика бюджети маблағларидан сарфланиши режалаштирилган.

Сессия ишида туман газ идораси раҳбари Зулфиқор Мўминовнинг жорий йил давомида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди. Газ идораси томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида 5,5 километр узунликдаги газ қувурлари, 5 дона газгольдер ускуналари бўёқланган бўлса, 3,2 километр газ қувурлари босим остида синалиб, тозаланди. 8 дона газ ёпқичлар, 14 дона газ тақсимлаш, 14 дона газгольдер қурилмаси, 2 дона монометр қиёслаш кўригидан ўтказилди.

Туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Молдабек Абдукаримов таъкидлаганидек, туманда жорий йилда 240 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари жорий, 31,4 километри эса мукаммал таъмирланди. 30 дона трансформатор пунктларида жорий, 16 дона трансформатор пунктларида эса мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида 4 та бригада ташкил этилиб, барча шароитлар яратиб берилган.

Сессияда туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш юзасидан 2023 йил 11 ойи давомида олиб борилган ишлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар муҳокама этилди. Депутатлар кўрилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, тегишли қарорлар қабул қилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири