Қирмизи изтироб ёхуд миллатнинг сўнмас музаси
Мана ўн кундирки, юрагимдаги қирмизи изтироб – кўзларимда гоҳ ёш бўлиб қалқийди, гоҳ синиқ табассум бўлиб дарахтлардан, сойлардан, одамлардан қалб тубидан қуйилаётган саволларига жавоб истаб, бир нуқтага термилиб қотиб қолади.
Танишлар, дўстлар ва оилам даврасида мана шу қирмизи изтиробни кўксимда кўтариб, ҳаётнинг аччиқ ва аламли имтиҳонларига матонат билан муносабат билдиришга ҳаракат қиламан. Қирмизи изтироб – биз ҳаётда топган Ҳазрати инсонларимизнинг сўнгги дийдори. Улар менинг яхши-ёмон кунларимда кўнгил сўрагувчиларим эди. Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров ва Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева хонадонидаги адабий суҳбатларнинг шоҳиди бўлган ҳар бир ижодкор учун бу хонадон нуфузли дорилфунун вазифасини ўтади деб ўйлайман. Шахсан, менинг ўзим учун ҳам. Нон-туз ҳақи бир ёну, китоблар, мансуралар, шеърлар, таржималар, қимматли фикр ва ғояларга бой суҳбатлар бир ён. Мен Ойдин опамнинг меҳри ва ҳурматини қозониш ва ўзимнинг меҳрим-ҳурматимни, ҳар иккаласининг ижодига муҳаббатимни айтиш учун илк бора ўша хонадонга борган кунларимни кўзларимни юмиб, хўрсиниб эслайман. Йиллар давомида иккала улуғ қалб соҳибларининг ўзаро суҳбатларини дастурхон бошида тинглаган ва ҳайратланган онларим учун тақдиримдан ўргиламан. Шеърларимни Ойдин опамга кўрсатгани олиб борган кунларим – Ойдин опам ҳамиша менга ўзининг шоирона қалбидаги кечинмаларини айтиб, мақтаган ва рағбатлантирган. Балки шу рағбатлар менинг шеърга ошино кўнглимни ана шу хонадонга 30 йилдан буён боғлаб тургандир, балки ҳар иккала миллат ойдинининг юксак тафаккурли суҳбатлари ва китоблари ўзига ром айлагандир. Нима бўлганда ҳам буларнинг бари ўн кундан бери тушимга кириб, ўзим билан ўзим сўзлашиб, Қозиробод кўчаси, шоирлар маҳалласидаги сой бўйида ёлғиз ва узоқ юриб чиқаман.
Устоз ижодкорларнинг, шогирдларининг хотираларини интернет тармоқларида, матбуотда, шеърларида ўқир эканман, 2024 йил 2-3 ноябрь кунлари марҳум шоир укам Мансур Жумаев билан биргаликда устоз Эшқобил Шукур раҳбарлигида тайёрлаган ҳужжатли фильмга ижодкорларни бирма-бир айтиб, Адиблар хиёбонига йиққанимиз, ўша жойда Иброҳим ака билан суҳбат ҳамда мушоира кечаси ўтказганимиз кўз олдимдан тинимсиз ўтади. Ҳар бир ижодкорнинг ёзганларига ўз қарашларини билдиришдан оғринмаган, рағбатини қизғанмаган, ўзини олиб қочмаган, ўзгалар дардига дармон, мушкулотига чора излаб, ёрдам бермоқ уларнинг ҳар иккалаларига ҳам хос фазилатлардан эди. Газетада шеърларимиз чоп этилса, биринчи бўлиб Ойдин опам, сўнгра ёнларида Иброҳим ака табриклар эдилар. Ҳар иккалалари ҳам шеърларимни ўқиб, ўзларининг холисона фикрларини қоғозга тушириб берганлар. Илк шеърларимга Ойдин опам ҳам оқ йўл ёзган бўлсалар, “Руҳимнинг зафари” деб номланган китобимга Иброҳим Ғофуров ўзига хос ёндашувда сўз ёздилар, ёзганда ҳам бадиий тасвир оламида туйғулар эврилишини намоён этган, жон талвасаси ҳолатидаги оғриқларга ўхшаш мотивларни кашф этиб ёздилар. Ҳа, бу ўзига хослик Иброҳим Ғофуров маҳорат мактабининг олтин қоидаларидан биридир. Уларнинг ўзига хос фикрлашлари ҳамиша китобхонларни ва ижодкорларни ром айлаган. Мен ўзбек шеъриятида ипакдек мулойим ва нафис руҳда, назокатли оҳангда ижод қилганлар сафида биринчилардан деб Ойдин опамни биламан. У кишидаги мулойимликнинг ўзи ҳар қандай хулқ эгасини тарбият эта оладиган даражада нозик ва сирли кучга эга эди. Иброҳим Ғофуров феномени эса – ўзбек миллатининг тили ва дили яшаб қолиши, ҳамда жаҳон минбарларида баралла янграши учун ўзининг буюк хизматларига эга бўлган шахс сифатида давлатимиз раҳбарининг назарига тушди.
Дунё мамлакатлари адабиёти сурури ва завқини туркий оламга олиб кирган мутафаккир, маърифатпарвар олим Иброҳим Ғофуров Ойдин опамнинг ёнларида туриб бизга маънавий кўмак бермоқдан, шеърият йўлида оқ йўл тиламоқдан асло чарчамадилар. Уларнинг хонадони том маънода ижодкорларнинг эркин, дастурхон атрофидаги нафис мажлисларининг ошиёни эди.
Ойдин опамнинг вафотларидан кейин олдингига қараганда бу хонадонга камроқ борадиган бўлдим. Бундан Иброҳим ака устоз хафа бўлганликларини менга тадбирларда кўришиб қолсак, билдириб турар эдилар. Ҳаётий эҳтиёжлар, имкониятсизликлар сабаб, олдингидек вақт тополмаётган пайтларимда шоира опаларингиз келяпти, дея, қизлари Зулайхо опамнинг уйда бизларни кутаётганларини айтар эдилар. Доим ҳаётимда ҳаммаси жойидами деб, хавотирланиб сўраб турардилар. Ижодкор дўстларим билан бориб туришга ҳаракат қилардим. Бир гал ёш шоира Зебо Худойбердиева, бир гал Мухтасар Тожимаматова, бир гал таниқли журналист Робия Камол, бир гал шоир Муҳаммад Сиддиқ ва бошқалар билан биргаликда йўқлар эдик. Иброҳим аканинг 2022 йил “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган 8-жилдлик китобларини ўқиб чиқиб, китобнинг 7-жилдидаги “Паривашлар мажлиси” ҳақида таниқли журналист Робия Камол билан радиосуҳбат ёзайлик дедим. У киши бир кун вақт ажратаман дедилар. Бу асардаги мавзулар ҳам кўнглимдан чуқур жой олган ва мени бир қанча қайғулантирган эди. Қайси маънодаки, фикрларимни тўзғитиб, Сўз меҳвари қошида бир қарорга кела олмаётган ижодкорнинг ўйларини равшан торттиришда ушбу суҳбатимиз катта бир маҳорат мактаби бўлар эди. Афсуски, суҳбатимизни ёзишга улгурмадик.
Лекин, китобнинг ҳар бир жилдидаги ўзимга ёққан ва мени ҳам қайғуга солган мавзулар ҳақида анча пайт устоз билан суҳбатлашдик. Таржима борасидаги норози кайфиятдаги фикрларини ҳам эшитдим. Баъзи таржимага қўл урган ижодкорларимизнинг қилган таржималаридаги катта хатолардан бири – жимжимадор сўзларни топишга бўлган иштиёқнинг баландлиги, бунинг оқибатида эса ўқувчи учун бу қийин кечишини, содда ва тушунарли сўзлар билан беришнинг ҳам ўзига хос жиҳатлари борлиги ҳақида куйиниб гапирдилар.
Иброҳим аканинг вафотидан кейин “Жадид” газетасининг 12-июнь сонидаги Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султон бошчилигида бир қанча адиб ва шоирларимизнинг хотираларини ўз ичига олган “Мутафаккир. Башорат ва васият.” мақоласи юрагимдаги қирмизи изтиробни яна ҳам қўзғади, кучайтирди. Айниқса, Фирдавс Холиқовнинг Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига бағишланган ижодий учрашувда Иброҳим аканинг қилган қомусий маърузасини ёд этганлари, устоз билан яна бир карра фахр қилишимга, таъсирланишимга сабаб бўлди. Бундан Навоий бобомизнинг 500 йиллик юбилейлари бир тарихий воқеа бўлса, Иброҳим Ғофуровнинг маърузаси ўзи бир тарихий ҳодиса бўлганини тўлақонли ҳис қилдим. Қолаверса, бошқа устозларимизнинг ҳам тиллога тенг эътирофлари Иброҳим Ғофуровнинг ўзи бошқа истеъдодларга берган таърифи янглиғ, ўзбек миллатининг музасига айланганини кўрсатиб турибди. Иброҳим ака оламдан ўтган куни йиғлолмадим, гуёки бундай инсонларнинг кетмоғи ҳам бизга куч бахш этиши керак, йиғламайман, мардона кузатаман, худди Ойдин опамни мардона кузатган каби дея ўзимга ваъда бердим. Лекин, ўн кун ичида қалбимдан кечган – ҳар иккала устозимизни ҳам соғиниш азоби мени бугун йиғлатди. Йиғламаганим учун ҳам тўйиб йиғладим. Тўйиб қилолмаган суҳбатларимиз, ёзилмай қолган асарлар, она тилимизга ўгирилиб ўқилмаётган таржималар, гўзал хотиралар ва уларнинг хонадонидан уфуриб турган жаннат исларининг тароватидан мосуво бўлганим учун йиғладим. Бу тароват менинг руҳиятимда, қонимда, ният ва тилакларимда, ёзажак асарларимда, келажак тонгларимда, фақат менинггина эмас, миллат давомчиларининг мақсад забони-ю чеҳраларида давом этишини дуо қилдим. Улар қалбларимизда ёрқин хотиралар билан доимо ҳаёт бўлиб қоладилар. Устозларимни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Фароғат Худойқулова,
шоира