Қирғовулларни отган фуқаро жазоланади
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейд тадбирида ноқонуний ов қилиб юрган фуқаро аниқланди.
Ўтказилган назорат рейд тадбири давомида ҳеч қандай ҳужжати бўлмаса-да, фуқаро К.А. ов қуролидан фойдаланиб, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 32-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган, ов қилиниши тақиқланган 5 дона қирғовулни отгани маълум бўлди.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисми билан тегишли баённома расмийлаштирилди. Ноқонуний овчи томонидан ҳайвонот дунёсига етказилган зарар эса 3 миллион 750 минг сўм деб белгиланди. Расмийлаштирилган баённома, тупланган ҳужжат эса Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судига чора кўриш учун юборилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири