Қирғизистонлик туроператорлар билан учрашув
Андижонда вилоят туризм бошқармаси ҳамда Андижон давлат чет тиллар институти ҳамкорлигида Қирғизистон Республикасида фаолият олиб борувчи йирик туроператорлар билан учрашув ўтказилди.
Кейинги йилларда қўшни икки давлат ўртасида иқтисодиёт, маданият, санъат, таълим, илм-фан, шу жумладан, туризм соҳасида ҳам ҳамкорлик кўлами кенгайиб бормоқда. Айниқса, жорий йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Хонобод шаҳридаги “Хонобод”, Марҳамат туманидаги “Мингтепа” чегара постларининг очилганлиги, эндиликда биргина Андижон вилоятида тўртта чегара пости фаолият кўрсатаётганлиги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтариш имконини беради.
–Икки қўшни мамлакатнинг туризм йўналишидаги ҳамкорлик имкониятлари жуда кенг, – дейди Андижон вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Бекзодбек Юсупов. – Ана шу имкониятларни ишга солиш, улардан унумли фойдаланиш ҳар икки давлат учун фақат фойда келтиради. Қолаверса, юртдошларимизда Қирғизистондаги туристик объектларга бориш, қўшниларимизда эса юртимиздаги қадимий обидаларни зиёрат қилиш иштиёқи юқори. Ана шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, келгусида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида туризм борасидаги ҳамкорлик янада юқори босқичга кўтарилади.
[gallery-14556]
“B2B” форматида ташкил этилган учрашувда қўшни мамлакатдан таклиф этилган 30 дан ортиқ йирик туропепатор, шунингдек, Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган туроператорлар ҳамда меҳмонхона бизнеси вакиллари иштирок этди.
Учрашувда дастлаб Андижон вилоятининг туризм имкониятлари тақдимоти ўтказилди. Шундан сўнг 2024-2025 йилларда мамлакатимизга, хусусан, Андижон вилоятига қирғизистонлик сайёҳлар оқимини ошириш, юртдошларимизнинг қўшни давлатга саёҳатларини ташкил этиш ишлари муҳокама этилди, таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, учрашув давомида транзит имкониятларидан унумли фойдаланиб, хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатларини узайтириш юзасидан икки томонлама келишувга эришилди.
–Қирғизистонликларда Ўзбекистонга, айниқса, Андижондаги қадим зиёратгоҳларни, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари тарихий шаҳарларни кўришга, зиёрат қилишга қизиқиш катта, – дейди Ўш шаҳридаги “Oshtripstour” туристик фирмаси раҳбари Иляс Аҳмадов. – Шу боис ҳам учрашувда қатнашиб, ўзбекистонлик қатор туроператорлар билан ҳамкорлик юзасидан шартномалар имзоладик.
Якунда 2024-2025 йилларда вилоятга 200 минг нафар хорижий, шу жумладан, қирғизистонлик сайёҳ ташрифини ташкил этиш бўйича қатор шартномалар имзоланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари