
Кеча тунда Қирғизистоннинг Тоо-Ашуу довонида икки марта қор кўчкиси юз бериб, олти енгил автомобиль ва бир кичик автобусни босиб қолган.
Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Бообек Aжикеевнинг сўзларига кўра, тўлиқ қор остида қолган бир машинадан қутқарувчилар 4 кишини чиқариб олган. Жабрланганлар орасида ҳушидан кетган аёл ҳам бор эди. У зудлик билан шифохонага етказилди.

Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги маълумотига кўра, бахтсиз ҳодиса содир бўлган Бишкек – Ўш трассаси 132-километрида йўлнинг бир қисми тозаланди. Маҳаллий вақт билан соат 22:10 да “Сосновка” транспорт назорати нуқтасида йўловчи ташийдиган машиналар ҳаракатига қўйилган чеклов бекор қилинди.

Aввалроқ Жалолобод вилояти Чотқол туманидаги Оқ-Сой тоғли ҳудудида юз берган фожиа натижасида олти киши кўчки остида қолиб, ҳалок бўлганди. Aвгуст ойида ҳам Қирғизистон тоғларида қор кўчиб, бир гуруҳ альпинистларни босиб қолган. Улар орасида Қозоғистон ва Россия фуқаролари ҳам бўлган.