Қирғизистон Президенти парламентлар раҳбарлари билан учрашди
Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТуркПА)нинг XV ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Нуфузли анжуман доирасида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ТуркПА ялпи мажлисида иштирок этган мамлакатлар парламентлари раҳбарларини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ҳам иштирок этди.
С.Жапаров мазкур учрашувни қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончнинг яққол ифодаси сифатида баҳолаб, Қирғиз Республикаси ТуркПА доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Парламентлар раҳбарлари, Президент Садир Жапаровга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётганига урғу берди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг сиёсий иродаси ҳамда ўзаро ишончга асосланган мулоқоти туфайли Ўзбекистон -Қирғизистон стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганига эътибор қаратди.

Қирғизистон Президенти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган тадбир қардош давлатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланиб бораётганининг яққол далили эканини таъкидлади.
ТуркПАнинг парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, интеграция жараёнларини қўллаб-қувватлаш ва қардош халқлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдаги аҳамияти қайд этилди.
Учрашувда Ассамблея фаолияти туркий давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, рақамли ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутиши ҳам таъкидланди.
Норгул Абдураимова, ЎзА