
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида йўлга қўйилган алоқа тизимларининг самарадорлик даражаси, шунингдек, ишонч телефонлари фаолиятининг сифати “Қайта алоқанинг “сирли мижози” тадбири орқали ўрганиб борилмоқда.
Агентлик томонидан 104 давлат органи ва ташкилотининг бу борадаги фаолияти масофавий мониторинг тартибида ўрганилди.
Ўрганишда қатор вазирлик ва идоралар, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинган идоравий алоқа (ишонч телефонлари) рақамлари орқали бир неча бор боғланишга ҳаракат қилинганда қўнғироқлар жавобсиз қолдирилди.
Ўрмон хўжалиги агентлиги, Молия вазирлиги ишонч телефонлари эса ишчи ҳолатда эмаслиги аниқланди ва ҳолат юзасидан масъуллар билан боғланиб, бартараф этиш чоралари кўрилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва Ёшлар ишлари агентлигининг расмий веб-сайтда эълон қилинган идоравий алоқа марказлари (ишонч телефонлари) рақамлари ишчи ҳолатда эмаслиги маълум бўлди.
Қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларини баратараф этиш ҳамда келгусида бу каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш чораларини кўриш бўйича ушбу вазирлик ва идораларга тақдимнома киритилди.
Н.Абдураимова, ЎзА