Қатъий чоралар кўрилди
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида солиқ қарзи 8,5 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган “Фуд Агро Ситй” фермер хўжалигининг фойдаланувидаги ер майдони Президентимизнинг 2022 йил 10 майдаги “Қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ хатланди ҳамда белгиланган муддатда электрон аукцион орқали реализация қилиниши белгиланди.
Мазкур чора Оқолтин тумани ҳокимлиги, вилоят солиқ бошқармаси ва туман солиқ инспекцияси ҳамда Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилган кенг кўламли назорат ва профилактик тадбирлар доирасида амалга оширилди. Шунингдек, фойдаланилмаётган ва самарасиз юритилаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг ер майдонлари ҳам аниқланиб, уларни қонуний асосда иқтисодиётга қайтариш бўйича ишлар йўлга қўйилди.
– Рейдлар давомида катта миқдорда қарздорлиги мавжуд юридик шахсларнинг ҳисоботлари ўрганилиб, тегишли қонуний таъсир чоралари кўрилди, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бош инспектори Сардор Ибрагимов.
Қайд этиш жоизки, мазкур тадбирлар солиқ интизомини мустаҳкамлаш, бюджет тушумларини барқарор таъминлаш, ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда қонунийликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

– Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг солиқ тўлов интизомини мустаҳкамлаш, молиявий шаффофликни ошириш ҳамда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш юзасидан белгилаб берган устувор вазифалари ижроси доирасида бундай чора-тадбирлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади, – дейди вилоят солиқ бошқармаси катта инспектори Ислом Мўминов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири