Қатарда Имом Бухорий мажмуасининг тақдимот тадбири ўтказилди
Қатар пойтахти Доҳада Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан Имом Бухорий мажмуасига бағишланган кенг қамровли тақдимот тадбири ўтказилди.
Унда Қатарнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, диний доиралар, оммавий ахборот воситалари ва бизнес ҳамжамиятининг қарийб юз нафар вакили иштирок этди.
Тақдимот давомида меҳмонларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган мазкур йирик маънавий-маърифий лойиҳанинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Имом Бухорий мажмуасини бутунлай янги қиёфага киритиш ғояси давлат раҳбари томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган. Бу ташаббус жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам катта қизиқиш билан қарши олинган.
Тадбирнинг алоҳида қисми буюк муҳаддис ва ислом оламининг йирик алломаси Имом Бухорийнинг бой илмий-маънавий меросига бағишланди.
Мутахассислар унинг асрлар давомида мусулмон уммати учун муҳим манба бўлиб келаётган илмий меросини юқори баҳолаб, айниқса, Қуръони каримдан кейинги энг ишончли ҳадис тўплами сифатида эътироф этилган “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарининг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Иштирокчиларга Имом Бухорий мажмуаси ҳақида махсус видеолавҳалар ҳам намойиш этилди. Қайд этилганидек, қисқа вақт ичида мазкур зиёратгоҳни бир миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилган. Бу эса мажмуанинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун муҳим маънавий ва маданий марказга айланаётганини кўрсатади.
Тадбир якунида Қатарнинг илмий ва жамоатчилик вакиллари Имом Бухорий мажмуасини бевосита зиёрат қилиш, шунингдек, Ўзбекистон билан маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга катта қизиқиш билдирди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА