Қашқадарёнинг энг ёш китобхонлари аниқланди
– Кўп китоб ўқиш орқали ҳам маънавий юксалиш, ҳам моддий рағбатлантириш қайси мамлакатда бор айтинг, – дейди ҚарДУнинг филология факультети 1-босқич талабаси Исмигул Самадова. – Ўқувчилик йилларимдан буён ушбу танловда қатнашиб келаман. Масалан, 2019 йилда Қарши шаҳридаги 4-мактаб номидан иштирок этиб республика босқичигача етиб борганман ва фахрли ўринни қўлга киритганман. Жорий йилда танловнинг 15-19 ёш тоифасида вилоят босқичи ғолиби бўлдим. Насиб этса танловнинг мамлакат босқичида ҳам ижобий натижаларни қўлга киритишга ҳаракат қиламан.
Қарши шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танлов уч ёш тоифасида яъни 10-14, 15-19, 20-30 ёшгача бўлган китобхонлар ўртасида бўлиб ўтди.
[gallery-5764]
Якуний натижаларга кўра, «Ёш китобхон» танловининг вилоят 10-14 ёш бўйича Мироншоҳ Нурматов, 15-19 ёш бўйича Исмигул Самадова, 20-30 ёш бўйича Нозима Умарова биринчи ўринни эгаллади. Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА, Жамшид Норқобилов олган сурат