Қашқадарёнинг энг намунали маҳалла раислари
Маҳалла раиси аҳолининг энг яқин ҳамкоридир. Маҳалладаги бирорта хонадондаги нотинчлик ҳам раиснинг аралашуви билан ижобий томонга ҳал этилади. Четдан бирорта меҳмон келса ҳам дастлаб раисни сўрайди. Қўшни қўшниси билан тортишиб қолса ҳам ўртага раис тушади. Хуллас, элнинг кайвониси бўлади маҳалла раиси. Ёшу қари бирдек ҳурмат қилиб, ёшига қарамай “раис бува” деб мурожаат қилишади уни.
Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида куни кеча мана шундай элнинг ҳурмат ва эътиборини қозонган “Энг намунали маҳалла раиси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар маҳалла раиси учта шарт: амалга оширилган ишлар тақдимоти, соҳага оид қонун ҳужжатлари бўйича савол-жавоблар ҳамда муаммоли вазиятларга ечим топиш бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Бундан ташқари, ҳар бир иштирокчи ўз маҳалласида жиноятчилик ва ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, комиссиялар фаолиятига оид маълумот берди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан ташқари, танловда иштирок этган ҳар бир маҳалла раиси ҳам танлов ғолиблигига муносиб деб билган номзодига овоз берди.

Якуний натижаларга кўра, Косон туманидаги “Регзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамза Ўринов 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Китоб туманидаги “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Расуловга, учинчи ўрин эса Шаҳрисабз туманидаги “Қутчи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулчеҳра Имомовага насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ҳамда фаол иштирокчилар дипломлар, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғолибларни тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими М.Азимов иштирок этди.
[gallery-16327]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари