Қашқадарёни 2030 йилгача ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланмоқда
Қашқадарё вилояти халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги сессиясида кун тартибидаги бир қанча масалалар қаторида вилоятни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг узвий давоми бўлиб, ҳудуднинг мавжуд иқтисодий, табиий ва инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилган. Стратегиянинг асосий мақсади Қашқадарёни республиканинг етакчи саноат-аграр ва туризм марказларидан бирига, шунингдек, нефть-газ-кимё саноатининг йирик масканига айлантиришдан иборат.
Сессияда вилоят иқтисодиётида сўнгги йилларда салмоқли ўсиш кузатилгани таъкидланди. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, ҳудудий ялпи маҳсулот ҳажми 98,8 триллион сўмни ташкил этиб, республика иқтисодиётидаги улуши 5,3 фоизга етган.
Шу билан бирга, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ва меҳнат унумдорлиги мамлакат ўртача кўрсаткичидан орқада қолаётгани, иқтисодиётда хомашёга боғлиқлик юқорилиги, юқори технологияли маҳсулотлар улуши пастлиги каби масалалар мавжудлиги қайд этилди. Марказлаштирилган ичимлик суви ва оқова сув хизматлари қамровини кенгайтириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш ҳам устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Стратегияга кўра, 2030 йилга қадар вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини 13,4 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига ЯҲМни 3,3 минг долларга ошириш кўзда тутилмоқда. Саноатда қўшилган қиймат ҳажми 2,35 миллиард долларга етказилиб, соҳада 25 минг юқори даромадли иш ўрни яратилади. Шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини 33,5 фоиздан 23 фоизгача қисқартириш ва ишсизликни 4 фоиздан оширмаслик мақсад қилинган.
Экспорт ва инвестициялар йўналишида ҳам аниқ кўрсаткичлар белгиланган. Экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказиш, фаол экспортчи корхоналар сонини 350 тага ошириш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 214,1 миллион долларга, IT хизматлари экспорти эса 75 миллион долларга етказилиши кўзда тутилган.
Аҳоли фаровонлигини ошириш стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. 2030 йилга қадар мутлақ камбағалликни тўлиқ бартараф этиш, камбағалликдан чиқариш хизматлари билан 100 фоиз қамраб олиш вазифаси қўйилган.
[gallery-30856]
Инсон капиталини ривожлантириш доирасида таълим сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, IT соҳасида 30 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш, 676 минг нафар ёшни хорижий тилларни ўрганишга жалб этиш режалаштирилган.
Инфратузилма соҳасида марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 80 фоизга, оқова сув хизматлари қамровини 19,1 фоизга етказиш, ҳар йили 8,8 минг хонадонли уй-жой барпо этиш белгиланган. Қайта тикланувчи энергия қувватлари 243 мегаваттгача оширилади.
Экология ва “яшил иқтисодиёт” йўналишида эса яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, зарарли чиқиндиларни камайтириш, иссиқхона газлари эмиссиясини қисқартириш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш чоралари назарда тутилган.
Қишлоқ хўжалигида маҳсулотларни қайта ишлаш даражасини ошириш, ердан олинадиган даромадни кўпайтириш билан бирга, Китоб – Шаҳрисабз тарихий-туристик брендини ривожлантириш, туризм маҳаллалари ва қишлоқлари сонини 14 тага етказиш, янги туризм кластерлари ташкил этиш режалаштирилган.
Стратегия ижроси рақамли платформалар орқали мунтазам мониторинг қилиб борилади. Белгиланган кўрсаткичларга эришиш ҳолати “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларда баҳоланади. Ҳар йили мустақил тадқиқотлар ўтказилиб, уларнинг натижалари жамоатчиликка эълон қилиб борилиши белгиланган.
Умуман, “Қашқадарё – 2030” стратегияси ҳудуд иқтисодиётини диверсификация қилиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган аниқ мақсад ва кўрсаткичларни қамраб олган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари