Қашқадарёлик зукко китобхонлар аниқланди
– Китобга болалигимдан меҳр қўйганман, – дейди Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги Ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси Гулруҳ Панжиева. – “Зукко китобхон” танловига Қамаши тумани номидан қатнашдим. Тўғрисини айтсам, бу танловга адабиёт ўқитувчимиз Шерали Тўраев қизиқтирди ва танлов бўлаётганини эълон қилди. Устоз айтган асарларни ўқидик. Биринчи босқичдан муваффиқиятли ўтдик. Мана бугун иккинчи босқичда иштирок этдик. Танловда биринчи марта қатнашишим. Келгуси танловларда юқори ўринларни олишга ҳаракат қиламан.
Ёш авлоднинг ўқишга бўлган қизиқишини янада кучайтириш, фаол китобхонлар сафини кенгайтириш орқали аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, китобхонларни маънавий ва моддий рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган “Зукко китобхон” танлови Президентнинг беш муҳим ташаббуси доирасида ҳар йили анъанавий равишда ўтказилади.
Бугун Қарши шаҳридаги Ёшлар маркази биносида ушбу танловнинг ҳудудий босқичи ўтказилди. Мусобақада вилоятнинг барча ҳудудларидан шаклланган жамоалар иштирок этди.
[gallery-14338]
Танлов натижаларига кўра, 1-ўрин – Миришкор тумани жамоаси 6 миллион сўм, 2-ўрин – Қарши шаҳри жамоаси 4 миллион 200 минг сўм, 3-ўрин – Косон тумани жамоаси 3 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланди.
Ёш китобхон танловининг барча фаол иштирокчилари 300 минг сўм пул мукофоти билан рағбатлантирилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари