Қашқадарёлик масъуллар қаерга қараяпти?
Луқма
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг манфаатларини ўйлаб, қанчадан-қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Халқни қийнаб келаётган кўплаб мурожаатларга ечим топилмоқда. Давлат идора ва ташкилотлари нафақат кабенетда, балки жойларга чиққан ҳолда сайёр қабуллар ўтказиб, муаммоларга ечим изламоқда. Лекин ҳамма ташкилот раҳбарларини ҳам бундай деб бўлмайди.
Масалан, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида жойлашган “Алишер Навоий” маҳалласи “Халқлар дўстлиги” кўчаси бўйлаб ўтган юқори кучланишли электр линияларига кўча бўйлаб экилган дарахт шохлари тегиб қолган. Балки орасидан ўсиб юқорига чиқиб кетган. Мана икки йилдирки, ушбу кўчада жойлашган хонадонлар эгалари юрагини ҳовучлаб яшамоқда.

Хонадонлар вакилларининг айтишига қараганда, роппа-роса икки йилдан буён вилоят ва шаҳар электр тармоқлари корхоналарига ўнлаб, балки ундан ҳам кўпдир, мурожаат қилишади. Яъни ўша дарахт шохларини кесиб, хавфсиз ҳолатга келтириб бериш масаласида. Боиси электр тармоқлари корхонаси вакилларидан бошқа ҳеч ким бу ишни амалга ошира олмас экан. Чунки юқори кучланишли симлар орасидан ўтиб кетган шох-шаббаларни кесишда ўзига яраша хавфсизлик қоидаларига амал қилиш лозим. Аҳоли вакилларининг таъкидлашича, ҳатто бир неча бор Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонаси вакиллари келиб, муаммони кўриб, тез фурсатда бартараф этишни ваъда қилиб кетишган экан. Биз ҳам вазиятга изоҳ сўраш мақсадида Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбарига боғланишга ҳаракат қилиб кўрдик. Аммо фойдаси бўлмади. Сўроқларимиз жавобсиз қолди.
Табиат ҳодисалари ҳар хил. Баъзан кучли шамол эсяпти, баъзан кучли ёмғир ёғяпти. Исталган пайтда юқори кучланишли симлар бир-бирига тегиб кетиши мумкин ва каттагина авария ҳолати юзага келиши аниқ. Менимча Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбарияти, айнан мана шундай авария юз беришини ва қандайдир қурбонликлар бўлишини кутмоқда. Йўқса, икки йилдан буён улар учун оддийгина, аммо халқ учун анчагина хавфли бўлган муаммони жавобсиз қолдирармиди. Тағин яна ким билсин.
Ўлмас Баротов, ЎзА.