Қашқадарёда “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи якунланди
Қашқадарё вилоятида ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда мутолаага бўлган қизиқишини янада кучайтиришга қаратилган “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур танловда турли ҳудудлардан саралаб олинган билимдон ёшлар иштирок этиб, ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди. Қатнашчилар “Бадиий асарлар билимдони” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” шартлари орқали адабиёт, тафаккур ва зеҳн синовида беллашди.
Танлов жараёнлари очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этилгани, иштирокчиларнинг билим ва маҳоратлари ҳакамлар ҳайъати томонидан холис баҳолангани тадбирнинг нуфузини янада оширди.
Якуний натижаларга кўра, 10-14 ёш тоифасида Қарши туманилик Чарос Камолова, 15-19 ёш тоифасида қамашилик Флура Холмуродова, 20-30 ёш тоифасида миришкорлик Ҳайитой Ҳомидова ғолиб деб топилди.
[gallery-29012]
Ғолибликни қўлга киритган 1-ўрин соҳиблари танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Шунингдек, 2 ва 3-ўрин эгалари ҳамда фаол иштирок этган ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бундай танловлар ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини бойитиш, китоб мутолаасига бўлган меҳрини ошириш ва келажакда юрт равнақи учун муносиб кадрлар етишиб чиқишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари