Қашқадарёда мансаб ваколатини суиистеъмол қилган бозор раҳбари қўлга олинди
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бозор раҳбарининг ноқонуний ҳаракати фош этилди.
Хусусан, Деҳқонобод туманида фаолият юритувчи бозорлардан бирининг раҳбари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога бозор ҳудудида жойлашган, лекин тегишли ҳужжатлари бўлмаган савдо дўконини сотишини, кейинчалик эса унинг номига расмийлаштириб беришини айтиб, “хизмати” эвазига 80 млн сўм талаб қилади.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур мансабдор шахс тадбиркордан 6600 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.