
Бугун тараққиёт шиддат билан одимламоқда. Рақамли технологиялар ҳар бир соҳага татбиқ этилмоқда. Буни таълим тизимида ҳам кўриш мумкин.
Масалан, биз ўқиган пайтларда мактабимизнинг эски лабораториясида айрим қисмлари синиб тушиб кетган ясама одам скелети, кимё, физикага оид бир нечта ишламай қолган ускуналар, фанларга тегишли плакатлардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Эндиликда эса рақамли технологиялар орқали виртуал лабораториялар таълимда қўлланила бошланмоқда. Meta Quest 3 кўзойнаклари орқали, масалан тарих фани ўтилаётган бўлса, дарсликда келтирилган тарихий шаҳарларга бевосита саёҳат қилиш мумкин. Биология дарсида эса одам организми билан жонли танишиш имконини берувчи тасвирларни кўриш мумкин. Хуллас бу ёғи тараққиёт.
Келгусида Қашқадарё вилоятидаги мактабларда ҳам худди мана шундай виртуал лабораториялар ташкил этилиши мумкин. Лекин энг аввало бу турдаги рақамли технологияларни ўқувчиларга ўргатувчи педагог ходимларни тайёрлаш лозим. Вилоят педагогик маҳорат маркази ташаббуси билан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Марказнинг методик хизмат кўрсатиш бўлими кимё фани методисти Марварид Эргашеванинг “Фанлар йўналишида виртуал инновацион технологияларнинг қўлланилиши” мавзусидаги тақдимоти айни шу мавзуга бағишланди.
Виртуал лаборатория – бу ўқувчиларга ҳақиқий лаборатория муҳитида ишлаш имконини берувчи дастурий таъминот. Ўқувчилар виртуал ўқув муҳитида симуляциялар орқали тажрибаларни амалга оширади, маълумотларни таҳлил қилади ва натижаларни ўрганади.
Интерактив дастурий воситалар ўқувчиларни digital таълимга жалб қилиш, онлайн дарсларни ташкил қилиш ва ўқув жараёнларини янада қизиқарли қилиш имконини беради. Шунингдек, ўқувчиларни баҳолашни осонлаштиради ва ўқитувчиларга ўқиш жараёнини яхшилашга ёрдам беради.
Виртуал лабораторияларнинг афзалликлари хавфли кимёвий моддалар билан ишлашнинг ҳожати йўқ, хавфсиз амалиёт ўтказиш имконияти бор, анъанавий лаборатория ускуналарига қараганда анча арзон. Ҳар қандай вақтда ва жойда фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиб, атомлар ҳамда молекулаларнинг ўзаро таъсирини катта ўлчамда кузатиш мумкин. Кўпроқ тажриба ўтказиш, натижаларни тезроқ олиш имкониятини беради.
– Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ташаббуси билан мазкур инновацион технологиялардан қандай фойдаланиш бўйича янги ва самарали дарсларни ташкил этиш имконияти мавжуд, – дейди Марварид Эргашева. – Виртуал лаборатория, нафақат физика, кимё, биология дарсларини, балки барча дарсларни 3Д ва 4Е моделлар ҳамда симуляциялар орқали янада аниқ ва тушунарли бўлишга хизмат қилади. Шундай экан виртуал лаборатория фақатгина бир дастурий таъминот эмас, балки янги билимлар, кашфиётларга йўл очувчи инновацион дунёдир.
Ҳозирда марказга 16 дона мана шундай Meta Quest 3 кўзойнаклари келтирилган ва ушбу йўналиш бўйича пойтахтда тажриба орттириб келган мутахассислар вилоятдаги мактабларнинг педагог ходимларига ўз тажрибаларини улашмоқда. Лойиҳанинг кейинги босқичларида барча мактабларда мана шундай виртуал лабораториялар ташкил этилади ва ушбу йўналишда маҳоратини оширган педагог ходимлар ўқувчиларга таълим тарбия бериши мўлжалланган.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари марказда мазкур ускуналар билан жиҳозланган ўқув хонаси билан ҳам бевосита танишиб, виртуал дунёга маълум муддат саёҳат қилди.
Шунингдек, тадбир давомида давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сентябрдаги тегишли фармонига асосан марказ балансига берилган узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматларини кўрсатишга мўлжалланган аудитория кўринишида, қуёш панеллари билан жиҳозланган автобус билан ҳам танишилди. Тажриба-синов тариқасида йўлга қўйилган мазкур автобус орқали бугунги кунда режа график асосида вилоятнинг Косон, Миришкор, Деҳқонобод ва Шаҳрисабз туманларининг чекка ҳудудларида жойлашган нодавлат ҳамда давлат таълим ташкилотлари педагоглари учун мобил малака ошириш курслари ташкил этиб келинмоқда.
[gallery-22914]
Маълумот ўрнида, ҳозирги кунда вилоят педагогик маҳорат марказида 57 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатиб келмоқда. Улардан 2 нафари фан доктори (DCc), 12 нафари фалсафа фанлари доктори (PhD) илмий даражасига эга. 2025 йилда жами 11 минг 893 нафар раҳбар, педагог ва ходимлар малака ошириш курсларига жалб этилиши режалаштирилган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари