Қашқадарёда ҳам стол тенниси ривожланмоқда
Мутахассисларнинг таъкидлашича, стол тенниси билан шуғулланиш, биринчи навбатда, кўриш қобилиятини яхшилайди. Узоқни яхши кўра олмайдиган, компьютер қаршисида кўп ўтирадиган ёки кўзини бирор хасталикдан даволатган кишиларга стол тенниси катта ёрдам беради.
Чунки ўйин вақтида инсоннинг бутун диққат-эътибори фақат коптокда бўлгани боис, кўз қисқа масофа атрофида машқ олади. Шунинг учун стол тенниси билан доимий шуғулланадиганлар орасида кўз шифокорига мурожаат қиладиганлар деярли учрамайди.

Шунингдек, стол тенниси нафас ва юрак-қон томир тизимлари фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ўйин вақтида бир нечта мураккаб зарба берилади. Бир дақиқада эса 120 тагача зарба берилиши боис, стол тенниси инсонни чаққонликка ва абжирликка ўргатади. Демак, бу спорт тури билан ҳамма бемалол машғул бўлиши мумкин.

Кейинги йилларда Қашқадарё вилоятида ҳам ушбу спорт тури билан шуғулланувчилар сони ошмоқда. Уларнинг эмин эркин шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Хусусан, вилоят спорт бошқармаси ташаббуси билан ОАВ вакиллари учун Ўзбекистон стол тенниси федерацияси Қашқадарё вилоят бўлимига уюштирилган пресс-тур давомида вилоятда стол тенниси билан шуғулланувчилар, уларга яратилган шароитлар, эришилаётган натижалар билан яқиндан танишилди.

Айни пайтда федерациянинг вилоят бўлимига Бобур Худойқулов раҳбарлик қилиб келмоқда. Стол тенниси доскасида моҳирлик билан коптокни улоқтираётган ёш спортчилар ҳаракатини кузатар эканмиз, уларга яратилган шароитлар, вилоят маркази ва туманлардаги стол тенниси тўгараклари фаолияти билан қизиқдик.

– Бўлимимиз 2015 йилда ўз фаолиятини бошлаган, – дейди Бобур Худойқулов. – Вилоятнинг барча туман, шаҳарларида жами 30 нафар мураббий фаолият юритмоқда. 1 минг 380 нафар мунтазам шуғулланувчилар ҳамда 287 нафар ҳаваскор спортчилар бор. Секин-секин фаолиятимиз ривожланиб бормоқда. Мана бу йил вилоят ва республика ташкилотларимизнинг беғараз ёрдами сифатида янги замонавий, чет элда ишлаб чиқарилган стол тенниси доскалари берилди. Боиси инвентарларимиз эски эди. Бунга жавобан шуғулланувчиларимиз мамлакат ва халқаро турнирларда фахрий ўринларни қўлга киритиб келмоқда.
Бобурнинг таъкидлашича, бугунги кунда стол тенниси машғулотларига беш ёшдан бошлаб шуғулланувчилар қабул қилинмоқда ва қизиқувчилар кўп. Бўлим фаолияти билан танишиш асносида биз ҳам бунга амин бўлдик.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири