Қашқадарёда 15 мингдан ортиқ фуқаронинг мулкий ҳуқуқи эътироф этилди
Қашқадарё вилоятида ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини қонунийлаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида фуқароларнинг ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш масаласи кўриб чиқилди.
Сессияда жами 1 минг 730 нафар фуқаронинг ер ва мулкка бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш юзасидан Кенгаш қарори қабул қилинди. Шу билан вилоятда мулкий ҳуқуқи эътироф этилган фуқаролар сони 15 минг 259 нафарга етди.
Мазкур жараён, аввало, минглаб оилаларнинг кўп йиллардан буён фойдаланиб келаётган мол-мулкига бўлган ҳуқуқларини қонуний жиҳатдан кафолатлаш имконини бермоқда.
Қонун ижроси доирасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқлари тартибга солиниб, мулкдан қонуний ва эркин фойдаланиш имконияти кенгаймоқда. Бу, ўз навбатида, турли мулкий низолар, жумладан, мерос билан боғлиқ масалаларнинг ҳам қонуний ечим топишига хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири