Қашқадарё хабарлари – қисқа сатрларда
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Қувайтнинг йирик компанияси билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади.
Аввалроқ вилоят ҳокими Муротжон Азимов Қувайт давлатининг “Gulf Care General Trade” ва “Energy Solutions” компаниялари вакилларини қабул қилиб, шу ернинг ўзида компания раиси, доктор Ал Салеҳ билан ҳам “ZOOM” орқали мулоқот қилган эди.
Бугун Муротжон Азимов ва доктор Ал Салеҳ онлайн учрашув ўтказиб, улар ўртасида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, диагностика марказини ташкил қилиш ва ҳамкорликда тиббий мутахассисларни тайёрлаш бўйича манфаатли шартномалар имзолади.


Ушбу ҳужжат келгусида Ўзбекистон-Қувайт давлатлари ўртасида алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши ва қувайтлик кўплаб тадбиркорларнинг вилоятга кириб келиши учун рағбат вазифасини бажариши таъкидланди.
Маълумот учун, айни кунларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Бобоев ва воҳамизнинг бир гуруҳ тадбиркорлари Қувайт давлатида бўлиб, кўплаб соҳаларда ҳамкорликни кўчайтириш масалаларида мулоқотлар олиб бормоқда.
***
Деҳқонободлик Зайниддин Ўралов маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан олган 33 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига 8 сотихли томорқасида коврак доривор ўсимликгини етиштириб, ўтган мавсумда 150 миллион сўм соф фойда кўрди.



Тадбиркор деҳқон 4 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаган ва бу мавсумда 300 миллион сўм даромад қилишни режа қилган.
***
Томонлар ўртасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш, меҳнат миграцияси алоқаларини ташкил этиш бўйича Касби тумани ҳокимлиги ва Татаристон Республикасининг Қозон шаҳридан “Alabuga Start” лойиҳаси ташкилотчилари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


Меморандум имзоланишидан асосий мақсад қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва саноатни ривожлантириш, меҳнат миграцияси алоқаларини янада кучайтириш, шунингдек, томонлар ўртасида доимий равишда ҳамкорлик алоқаларини олиб боришдир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири