Қарши шаҳрида “Китобхон уй бекаси” танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Тадбирда билимдонлиги, зукколиги ва китобга бўлган меҳр-муҳаббати билан ажралиб турган иштирокчилар муносиб эътироф этилди.
Танлов шартлари давомида иштирокчилар Абдурауф Фитратнинг “Нажот йўли”, Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин”, Тоғай Муроднинг “Ойдинда юрган одамлар” ҳамда Юй Хуангнинг “Яшамоқ” асарларини чуқур ўрганиб, синовлардан муваффақиятли ўтди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Муҳтарам Йўлдошева (Ғузор тумани), 2-ўринни Кумуш Пирмаматова (Кўкдала тумани), 3-ўринни Роҳатой Зарипова (Яккабоғ тумани) қўлга киритди.


***
“Заковат” интеллектуал клуби томонидан Республика миқёсида мактаб ўқувчилари орасида “Урфон шоу” интеллектуал мусобақаси ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан терма жамоалар ҳамда ўтган ўқув йилида ўқувчилар орасида ўтказилган “Заковат” мусобақасининг Республика босқичи ғолибларидан иборат 16 та жамоа иштирок этди.
Мусобақанинг финал ўйини натижаларига кўра, Қарши шаҳридаги 4-мактаб, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ҳамда Қарши шаҳри 1-сон ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларидан таркиб топган Қашқадарё вилояти терма жамоаси мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, 1-ўринни эгаллади.


***
Китоб туманида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ замонавий “Илк ривожланиш маркази” иш бошлади.
Тадбирда ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, марказдаги шароитлар, замонавий ўқув хоналари ҳамда болаларнинг интеллектуал ва жисмоний ривожи учун яратилган имкониятлар билан танишди.



Марказлар 3-6 ёшли, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қамраб олади. Улар махсус мактабгача таълим хизмати модели – педагоглар томонидан 2-7 ёшли, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар яшаш хонадонларига бориб, таълим-тарбия жараёнини ташкил этади. Ўйин гуруҳи модели – 3-6 ёшли болалар учун марказларда қисқа муддатли (3,5–4 соат) гуруҳ машғулотларини ташкил этади.
Энг асосийси, барча болалар бу марказларда бепул таълим-тарбия олади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири