Қашқадарё вилояти ҳокими стипендиясининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоятдаги давлат ОТМ талабалари учун 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб “Ҳоким стипендияси” жорий этилган эди.
2024-2025 ўқув йилида ушбу танлов доирасида вилоятдан жами 100 нафардан зиёд талаба ёшлар ариза топширган бўлиб, танловнинг биринчи босқичи вилоят олий таълим муассасалари томонидан ўтказилди ва вилоят босқичи учун жами 32 нафар ёш саралаб олинди.
Куни кеча мазкур танловнинг 2-босқичи ўтказилди. Низомга асосан, танлов натижаларига кўра 14 нафар иштирокчи ғолиб деб топилиб, ўқув йилининг сентябрь ойидан июнь ойигача ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида стипендия тўланади.
***
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги “Kesh smart IT school” нодавлат таълим муассасасининг 7-синф ўқувчиси Лола Каримова Халқаро IELTS имтиҳонидан OVERALL 8 балл натижага эришди.
Шунингдек, у мактаб томонидан тақдим этилган “Дубайга саёҳат” йўлланмасини қўлга киритган.
***
Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2024 йил 24 августдаги “Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва профессионал ҳамда олий таълим муассасаларининг ўқувчи-талабалари ва профессор ўқитувчилари ўртасида вилоят ҳокими кубоги учун “Шахмат турнири”ни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятимизнинг барча умумтаълим мактабларида 3 босқичли “Шахмат турнири”нинг мактаб босқичига старт берилди.
Маълумот учун, унда умумтаълим мактабларининг 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар ўзаро беллашади. Ғолиблар эса туман, шаҳар ҳамда вилоят босқичига йўл олади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири