Қарздорнинг автомашинаси Тошкентдан топилди
Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти Бухоро тумани бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2021 йил 17 июндаги “SHoxijahon SH.J.B” хусусий корхонасидан ундирувчи АТ «Халқ банки» Гала Осиё филиали фойдасига 829,3 миллион сўм кредит қарз ва 33,1 миллион сўм давлат божини ундириш тўғрисида ижро ҳужжати келиб тушган.
– Қарздор қарздорликни белгиланган муддатда ихтиёрий тўлаб бериши ҳақида огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, тўламасдан келди, – дейди МИБ Бухоро вилояти бошқармаси қидирув шўъбаси инспектори Жаҳонгир Бобоқулов.
– Давлат ижрочиси томонидан хусусий корхонага тегишли “Sinotruk HOWO” юк автомашинаси мавжудлиги аниқланиб, автомашинага нисбатан қидирув эълон қилинди. Қидирув тадбирлари натижасида “Sinotruk HOWO” юк автомашинаси Тошкент вилоятидан топилиб, хатланди ва жарима майдончасига жойлаштирилди. Эндиликда юк автомашинаси баҳоланиб, “E-ijro auksion” электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилмоқда. Сотувдан тушган пуллар қарздорликни қоплашга қаратилади.
Зариф Комилов, ЎзА