Қарздорлик масаласида янгича ёндашув
Жиззах вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Жиззах ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида суд томонидан чиқарилган тақдимнома муҳокамаси бўлиб ўтди.
Судьялар, прокуратура, солиқ идоралари, Мажбурий ижро бюроси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва суднинг тугатиш бошқарувчилари тадбирда иштирок этишди.

Йиғилишда асосий эътибор тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорлик ишларининг муддатларининг чўзилиши, уларнинг кечикиши ва бу жараёнда пайдо бўлаётган тўсиқларга қаратилди.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, банкрот деб топилган шахс ёки корхонанинг тугатиш жараёни одатда 12 ой ичида тугаши лозим ҳамда зарур ҳолларда, суд ёки иштирокчи тарафлар илтимосига кўра, ушбу муддатни 3 ойгача узайтириш мумкин.

Аммо кўп ҳолларда ушбу белгиланган муддатларга амал қилинмайди. Бунинг сабаблари орасида суд бошқарувчиларининг тез алмашиши, кадрлар малакасининг етарсизлиги ва идоралар ўртасида ахборот алмашинувининг тўлиқ ҳамкорликда йўлга қўйилмаслиги каби омиллар бор. Бундай кечикишлар суд жараёнларининг самарадорлиги ва истеъмолчилар ҳамда тадбиркорларнинг манфаатларига салбий таъсир кўрсатади.

Йиғилишда бу муаммоларни тизимли равишда ҳал қилиш, ҳар бир ишга индивидуал ёндашувни ошириш ва ахборот тизимларини бирлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Янги ғоя сифатида бошқарувчилар ва иштирокчи идоралар учун менторлик ҳамда коучинг дастурларини жорий қилиш таклиф этилди. Бу чора-тадбирлар ёрдамида тажрибаси кам кадрларга юридик ва процессуал билимларни тўғридан-тўғри бериш мумкин бўлади. Шу йўл билан суд қарорларининг шаффофлиги ва тугатиш ишларининг ўз вақтида ва тўғри амалга оширилиши таъминланади.

Тадбир якунида мажбурий ижро интизомини кучайтириш, муддатдан ортган ишларни жадаллаштириш ва субъектлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА