Қарздорлик адлия кўмагида ундирилди
“Samarqand O‘zbekgazsuv qurilish” МЧЖ ва Тойлоқ тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ўртасида бир қатор шартномалар тузилган. Шартномаларга асосан тадбиркор буюртмачи корхонага келишилган хизматларни кўрсатган. Уларнинг жами қиймати 11 миллиард 299 миллион 784 минг 247 сўмни ташкил этган. Аммо шартномалар шартлари бажарилган бўлсада, корхона қарздорликнинг 7 миллиард 346 миллион 747 минг 32 сўм қисмини тўлаб, қолганини тўлашни пайсалга солиб келган.
Шартнома шартларига кўра тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбуриятлар бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи, бироқ 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаш назарда тутилган. Шунга кўра, МЧЖ томонидан жорий йил 17 феврал куни Тойлоқ тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига корхонанинг жамият олдидаги қарздорлигини тўлаб бериш, акс ҳолда асосий қарз билан бирга пеня ундириш масаласида судга мурожаат қилиниши ҳақида талабнома, кейинчалик бир неча бор огоҳлантириш юборилган. Бироқ корхона масъуллари шунда ҳам ишим битди, эшагим сувдан ўтди қабилида иш тутиб келган.
МЧЖ раҳбарияти бузилган ҳуқуқларини тиклаш, кўрсатган хизматлари учун иш ҳақини ундиришда ёрдам сўраб Тойлоқ туман адлия бўлимига мурожаат қилди ва ўрганишлар давомида корхона чиндан ҳам шартнома шартларини тўлиқ бажармагани тасдиқланди. Адлия бўлими тадбиркор манфаатига Тойлоқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди.
Суд ишни ҳар томонлама кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 176-179, 180, 186-моддаларини қўллаб корхона ҳисобидан тадбиркор фойдасига 3 миллиард 693 миллион 37 минг 214 сўм асосий қарз ва 105 миллион 29 минг 250 сўм пеня ундириш мажбуриятини юклади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА