Қарздорлиги бор тадбиркорларга чора кўрилмоқда
Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси солиқ қарзларини ундиришни ташкил қилиш бўлими ҳамда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимлари жойлардаги қарздорларнинг мол-мулкини хатлаш ва солиқ қарзини ундириш тадбирларини ўтказмоқда. Унда 20 нафардан ортиқ ходимлар жалб этилган бўлиб, навбатдаги манзил Қибрай туманида рўйхатдан ўтган “Дўрмон автойўл ихтисослашган йўллардан фойдаланиш” УКда ташкил этилди.
Мазкур корхона 2023 йил 15 август ҳолатига 2 миллиард 652,7 миллион сўм қарздорлиги мавжуд. Масъуллар тадбиркорга тегишли талабномалар юборган. Унга кўра, солиқ мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажарилиши, акс ҳолда солиқ хизмати органлари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан, 15 кундан сўнг хатлов ишлари амалга оширилиши назарда тутилган. Бироқ шунга қарамасдан ҳалигача қарздорлик сўндирилмаган. Натижада солиқ органи раҳбари томонидан чиқарилган хатлов қарори бўйича ташкилотга тегишли бўлган автотранспорт воситалари хатланиб, жарима майдонларига жойлаштирилди.



Шунингдек, Оҳангарон туманида рўйхатдан ўтган “Оҳангарон Шоҳруҳ Файз РСУ-3” МЧЖда ҳам хатлов тадбири бўлиб ўтди. Мазкур корхонанинг 556,8 миллион сўм қарздорлиги бўлган. Корхона мутасаддилари томонидан белгиланган муддатда қарздорлик қопланмаган. Шу асосда хатлов қарори чиқарилиб, жамиятга тегишли бўлган оғир юк автотранспорти солиқ қарздорлиги ҳисобига хатланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Тошкент вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 227,6 миллиард сўм солиқ қарзига эга 500 та объектда хатлов тадбири ўтказилди. Шундан 196 та ҳолатда 198,4 миллиард сўм маблағ ундирилди. Шу билан бирга, 482 та қарздорнинг 296,7 миллиард сўм солиқ қарздорлиги ҳисобига мол-мулклари хатланди. Аслида солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарздорлигининг ортиб боришига йўл қўймаслик, солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларни кўпайтириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан кўзланган мақсад кимнидир жазолаш ёки бировнинг мулкини олиб қўйиш эмас, аксинча мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир.



А.Мусаев,ЎзА.