Қарздор оталар 15 суткага қамалди
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Ғиждувон туманлараро судининг 2015 йил 24 августдаги ижро ҳужжатига асосан фуқаро А.Сдан ундирувчи С.Г фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси Ғиждувон тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Қарздор А.С.нинг алимент қарзи 12,5 миллион сўмни ташкил қилганлиги боис, мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров юборилган ва унга кўра қарздор номида мол-мулклар аниқланмаган.
–Қарздорнинг охирги яшаш манзили аниқ бўлмаганлиги боис, унга қидирув эълон қилинган. Қидирув натижасида фуқаро А.С. Навоий вилоятидан топилди, – дейди МИБ Ғиждувон тумани бўлими давлат ижрочиси Яшин Ҳолиқов. – Қарздор А.Сдан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47(4)-моддасига асосан жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани судига юборилди. Суднинг 2021 йил 6 сентябрдаги қарори билан қарздорга нисбатан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг 2021 йил 23 февралдаги ижро ҳужжатига асосан фуқаро А.Ж ундирувчи У.Б фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун 2021 йил август ойига қадар 3.084.250 сўм алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги боис, жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг қарорига асосан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Зариф Комилов, ЎзА