Қарздор фуқаро яқинлари бинога ўт қўйиб, ижрони тўхтатмоқчи бўлгани маълум бўлди
Ижтимоий тармоқларда Зангиота туманида ноқонуний қурилманинг бузилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан тарқалган хабарларга нисбатан расмий маълумот берилди.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор Т.Шукурова томонидан Зангиота туманидаги “Эшонгузар” қўрғони орқали ўтувчи автомобиль йўлининг муҳофаза ҳудудида қурилган 100,1 квадрат метрли ноқонуний иншоотни ўз ҳисобидан бузиш белгиланган.
Давлат ижрочилари томонидан қарздорга ноқонуний қурилмани ихтиёрий равишда бузиш учун бир неча бор муддат берилган ва тегишли тартибда огоҳлантирилган.

Жумладан, 2026 йил 20 июнь куни унга қурилмани бўшатиш ҳамда ўз ҳисобидан бузиб ташлаш, акс ҳолда мажбурий тартибда бузилиши ҳақида яна бир бор расмий огоҳлантириш берилган.
Шунга қарамасдан, қарор белгиланган муддатларда ихтиёрий бажарилмаган.
2026 йил 8 июль куни давлат ижрочилари суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида манзилга чиққан вақтида қарздор томонидан ижро ҳаракатларига қаршилик кўрсатилган.
Қайд этилишича, қарздорнинг синглиси ижро ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида ноқонуний қурилма ичидаги кўрпаларга ўт қўйган. Юзага келган ёнғин фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари томонидан қисқа вақт ичида бартараф этилган.
Бюро маълумотига кўра, ижро ҳаракатлари давомида қарздор ва унинг яқинларига тан жароҳати етмаган. Ноқонуний қурилма бузилиб, суд қарори тўлиқ ижро этилган.
ЎзА