Қаршида журналистлар ўртасида шахмат-шашка мусобақаси ташкил этилди
Қаршида журналистлар ўртасида Самад Саломов хотирасига бағишланган шахмат ва шашка турнири ўтказилди.
Шахмат тахтаси устида доналар жой-жойига қўйилди. Иштирокчилар навбатдаги юришни ўйлаб, рақибининг режасини англашга ҳаракат қилмоқда. Шашка баҳсларида ҳам вазият осон эмас: ҳар бир юриш ғалабага яқинлаштириши ёки имкониятни бой бердириши мумкин. Бироқ бугунги беллашувларнинг аҳамияти фақат ғолиблик билан белгиланмайди. Унда устоз журналист хотирасига ҳурмат, ҳамкасблар ўртасидаги дўстлик ва соҳа вакилларини бирлаштирган эзгу анъана мужассам. Қарши шаҳридаги “Оқ руҳ” шахмат клубида тажрибали журналист Самад Саломов хотирасига бағишлаб ташкил этилган шахмат ва шашка мусобақаси ана шундай руҳда кечди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказилган турнирда вилоятдаги оммавий ахборот воситаларининг 50 нафардан зиёд ходими иштирок этди. Турли авлод вакилларини бир даврага жамлаган мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки ҳамкасбларнинг ўзаро мулоқоти, тажриба алмашиши ва устозлар хотирасини ёд этиш майдонига ҳам айланди.
Зеро, хотира инсоннинг эзгу ишлари ва қолдирган маънавий меросини қадрлашдир. Қашқадарё журналистикасининг ривожланишига ҳисса қўшган, ўзининг меҳнати ва тажрибаси билан ҳамкасблари ҳурматини қозонган Самад Саломов ҳам ана шундай эътирофга муносиб устозлардан бири эди. Соҳа фидойиларининг ҳаёт йўли, касбий тажрибаси ва ижодий меросини ёдда сақлаш бугунги авлод журналистлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мусобақа давомида ҳар бир иштирокчи ғалаба учун астойдил ҳаракат қилди. Тажрибали фахрийлар ҳам ёш ҳамкасблардан кам эмаслигини намоён этди. Зеро, шахмат ва шашкада фақат тезкорлик эмас, балки сабр-тоқат, диққат-эътибор, мантиқий фикрлаш ва вазиятни олдиндан баҳолай билиш ҳам муҳим.
[gallery-32202]
Якуний натижаларга кўра, шахмат баҳсларида Рафиқ Ражабов биринчи ўринни эгаллади. Фахрий журналист Бўри Норқобилов иккинчи, Қаюм Раҳимов эса учинчи ўринни қўлга киритди.
– Шахмат инсондан чуқур мулоҳаза, сабр ва ҳар бир қадамни олдиндан ҳисоблашни талаб қилади, – дейди устоз журналист Бўри Норқобилов. – Бугунги мусобақада рақиблар билан қизғин беллашиш баробарида ҳамкасблар билан дийдорлашдик, устозлар хотирасини ёд этдик. Бундай тадбирлар журналистлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шашка мусобақасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Ўлмас Баратов барча рақибларидан устун келиб, биринчи ўринга сазовор бўлди. “Ижод гулшани” газетаси мухбири Мусо Муродов иккинчи, “Ҳуқуқ” газетасининг Қашқадарё вилояти бўйича мухбири Норбўта Ғозиев учинчи ўринни эгаллади.
– Бундай мусобақалар журналистларнинг касбий фаолиятидан ташқаридаги қизиқишларини ҳам намоён этиш, ҳамкасблар билан яқиндан мулоқот қилиш учун яхши имконият яратади, – дейди “Севимли” телеканали мухбири Шавкат Аминов. – Ғалаба, албатта, қувонарли. Бироқ бугунги турнирнинг энг катта аҳамияти – устоз журналист хотирасини ёд этиш ва соҳа вакилларини бир мақсад атрофида бирлаштиришда, деб ўйлайман.
Шунингдек, алоҳида номинациялар бўйича ҳам фаол иштирокчилар эътироф этилди. “Энг фаол фахрий иштирокчи” номинацияси Шомурод Шароповга, “Энг намунали шахматчи аёл” номинацияси вилоят “Олтин воҳа” радиоси мухбири Гўзал Пардаевага, “Энг фаол шашкачи аёл” номинацияси эса “NEWS-24” сайти мухбири Соҳибжамол Аминовага берилди.
Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда тадбир ҳомийси Зайниддин Саломов томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мусобақада алоҳида номинация соҳиби бўлган Гўзал Пардаева учун ҳам бугунги учрашув ўзига хос таассуротларга бой бўлди.
– Аёл журналистлар учун ҳам бундай мусобақаларда иштирок этиш, ўз имкониятларини синаб кўриш ва янги марраларни кўзлаш муҳим, – дейди Г.Пардаева. – Спорт инсонни фикрлашга, вазиятни тўғри баҳолашга ва қарор қабул қилишга ўргатади. Энг муҳими, бугун биз эзгу мақсад йўлида бирлашдик.
Тадбир давомида Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фаррух Расулов ҳам иштирок этди. У тадбирнинг ташкил этилишига ҳисса қўшган тадбиркор Зайниддин Саломовга миннатдорлик билдириб, уни фонд фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун “Амир Темур” кўкрак нишони билан тақдирлади.
Бу эътироф ҳамжамият ҳаётида ҳомийлик, саховат ва ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлашнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Турнир якунида иштирокчилар ушбу хотира мусобақасини ҳар йили ўтказишга келишиб олди. Демак, Самад Саломов хотирасига бағишланган бугунги беллашув бир кунлик тадбир бўлиб қолмайди. У журналистлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган, фахрийлар ва ёш авлодни бир даврага жамлайдиган эзгу анъанага айланади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари