Қаршида қўшма корхона иш бошлади
Қашақадарё вилоятида ялпи ички маҳсулотни барқарорлаштириб бориш, иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, талаб ва таклифнинг мутаносиблигини йўлга қўйишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик муҳим ўрин тутмоқда.
Айниқса, кичик бизнесни ташкил қилиш ва юритишда харажатлар камайтирилишининг самарадорлиги ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида катта имтиёзлар яратилганлиги тадбиркорлик субъектлари фаолияти ва молиявий ҳолатини яхшилашга кўмаклашмоқда.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда 165,6 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 108,1 миллион доллар саноат маҳсулотлари, 57,4 миллион доллар мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ташкил этиш кутилмоқда.
Вилоятнинг экспорт географияси 7 та янги давлат ҳисобига кенгайтирилиб, ушбу мамлакатлар бозорларини эгаллаш юзасидан 36 та экспортёр корхона билан муайян ишлар амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Бу йўналишда алоҳида эътибор, экспортёр корхоналарга тайёр маҳсулотларни экспортини амалга ошириш давомида мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, корхоналарга айланма маблағ учун кредитларни тегишли тартибда ва ўз вақтида олишида амалий ёрдам кўрсатишга қаратилади.
[gallery-3673]
Бугунги кунда вилоят тадбиркорлари томонидан мармар ванналар, мармар плиталар, сувли бўёқ (водоэмульсия), рангли брусчатка, қуруқ шпаклёвка, микрокалцит, канализация қувурлари, турли ўлчамдаги полиэтилен трубалар, профнастил, пеноблок, пишиқ ғишт ва бошқа бир қанча янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу эса, четдан қурилиш материаллари келтирилишини, қисқа қилиб айтганда ортиқча вақт сарфлаш ва харажатларни кескин қисқаришига олиб келмоқда. Агар вилоятда 1991 йилда 17 та ғишт заводи фаолият юритган бўлса, бугунги кунда йирик ва кичик ғишт заводлари сони 216 тани ташкил этади.
Хусусан, Қарши шаҳрида иш бошлаган “Uz Shoes” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Беларусь қўшма корхонаси вакиллари ҳам келажакда вилоятнинг экспорт ҳажмини оширишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Умумий қиймати 6 миллион долларни ташкил этган ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ этиш натижасида 520 та янги иш ўрни яратилади. Шундан 1 миллион 200 минг доллари Беларусь инвесторлари ҳиссасига тўғри келади. Корхонада ишчи ва хизматчилар учун барча шароитлар яратилган. Улар ёрдамида йилига 500 жуфт пойабзал ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Бунинг учун корхона цехларига хориждан замонавий, тежамкор технологиялар олиб келиб ўрнатилган.
Корхона раҳбари Дилшод Муфтуллаевнинг таъкидлашича, лойиҳа уч босқичдан иборат бўлиб, айни пайтда биринчи босқичи ишга туширилган ва 150 та янги ўрни яратилган. Тери хомашёси юртимиздаги терини қайта ишлаш заводларидан келтирилмоқда. Тўлиқ хорижий тажрибага асосланган иш фаолияти босқичма-босқич такомиллаштирилиб борилади.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тантаналари олдидан кенг жамоатчилик иштирокида ушбу қўшма корхонанинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА