Қаровсиз майдон яшил масканга айланди
Сирдарё иссиқлик электр станцияси ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган кўкаламзорлаштириш ишлари амалий самара бермоқда. Яқин вақтгача қаровсиз ётган 1,7 гектар майдон бугун манзарали ва мевали дарахтлар қад ростлаган кўркам яшил ҳудудга айланди.
Лойиҳа доирасида мазкур майдонга 7 минг 700 туп дарахт кўчати экилди. Бунинг учун ерлар тозаланиб, агротехник тадбирлар бажарилди, суғориш тизими ташкил этилди. Канал сувини насослар орқали етказиб бериш йўлга қўйилгани кўчатларнинг барқарор ўсиши ва парваришини таъминлади.

Бугун бу ер нафақат кўкаламзор маскан, балки ердан оқилона фойдаланишнинг ҳам намунасига айланган. Дарахтлар оралиғидаги майдонларда тарвуз, қовун, помидор, бодринг, бақлажон, булғор ва аччиқ қалампир, шунингдек, ловия етиштирилмоқда. Бу эса ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш орқали қўшимча ҳосил олиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Мутахассислар фикрича, яшил ҳудудларнинг кенгайиши ишлаб чиқариш ҳудудида экологик муҳитни яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. Дарахтзорлар ҳавонинг мусаффолигига ижобий таъсир кўрсатиб, ёз фаслида микроиқлимни юмшатишга, чанг миқдорини камайтиришга ҳамда ходимлар учун янада қулай меҳнат шароитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

— Биз учун “Яшил макон” бир марталик акция эмас, балки доимий вазифадир. Ҳар бир экилган кўчат келажак учун яратилган бойликдир. Қаровсиз ерларнинг бугун яшил масканга айлангани бутун жамоамизнинг биргаликдаги меҳнати самараси. Энди асосий эътиборимиз экилган ҳар бир дарахтни сақлаш ва кўкаламзор ҳудудларни янада кенгайтиришга қаратилади, — дейди Сирдарё иссиқлик электр станцияси бош муҳандиси Раҳмонали Юсупов.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сирдарё иссиқлик электр станциясидаги бу тажриба ана шу эзгу мақсадлар амалда ўз ифодасини топаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири