Қарор ва ижро: 50 нафарга яқин беморда юқори технологик операциялар ўтказилди
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, кўмакка муҳтож беморларнинг соғлиғини тиклаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Халқимизга хос меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва саховат каби эзгу фазилатларни мужассам этган муборак Қурбон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган муҳим ҳужжат бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
2026 йил 22 майда қабул қилинган "Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида"ги Президент қарори ижроси доирасида жойларда кенг кўламли тиббий-ижтимоий тадбирлар бошлаб юборилди.

Мазкур қарорга асосан, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ажратилаётган 690 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобидан "Вақф" хайрия жамоат фонди орқали йирик тиббий дастурларни молиялаштириш белгиланган. Ҳужжатда аҳолини тиббий қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ ва манзилли вазифалар қўйилган бўлиб, унга кўра, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болаларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, уларни даволаш ва жарроҳлик амалиётини бажариш белгиланган.
Камида 350 нафар беморларда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш, шунингдек, донорларнинг харажатларини қоплаш назарда тутилган.
Қарорда белгиланган ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий текширув, жарроҳлик ва даволаш амалиёти ўтказиладиган касалликлар ҳамда тиббиёт ташкилотлари рўйхати шакллантирилди. Беморлар тўғрисидаги маълумотларни "UZINFOCOM" МЧЖ билан биргаликда махсус ахборот модулига киритиш орқали тизимли ишлар ташкил этилди. Даволаш тадбирларининг тасдиқланган стандартлар ҳамда клиник протоколлар асосида ўтказилиши устидан назорат эса Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига юклатилган.
Бугунги кунда ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида беморларнинг даволаниши ва мураккаб операциялари учун молиявий кўмак кучини ифода этувчи махсус ваучерларни топшириш жараёнлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Бу тизим харажатларни тезкор ва шаффоф қоплаш орқали оғир беморларнинг вақт йўқотмай шифохоналарга жойлашишига хизмат қиляпти.
Жумладан, Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги оғир хасталик билан курашаётган беморларга "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг зарур жарроҳлик амалиётлари учун кетадиган харажатларини тўлиқ қоплаб берувчи махсус ваучерлар тақдим этилди. Бу каби тадбирлар кўплаб оилаларга умид ва қувонч улашиб, беморларнинг соғлиғини тиклаш йўлида муҳим қадам бўлмоқда.
Президент қарори эълон қилинганидан сўнг ўтган қисқа давр ичида тиббиёт муассасаларида юқори технологик операцияларни ўтказиш жараёни бошлаб юборилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг тақдим этган маълумотларига кўра, 27 май соат 9:00 ҳолатида 50 нафарга яқин беморда юқори технологик операциялар муваффақиятли ўтказилди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, ижтимоий қўллаб-қувватлаш доирасида 194 нафар бемор бола тиббиёт муассасаларига ётқизилди ва уларнинг 40 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди. 112 нафар онкологик, гемотологик ва онкогематологик ташхис қўйилган бемор тиббиёт муассасаларига жойлаштирилиб, уларнинг 5 нафарида мураккаб жарроҳлик операцияси ўтказилди. Шарт-шароит талаб этувчи яна 14 нафар шахс тиббиёт муассасаларига ётқизилиб, уларнинг 2 нафарида энг мураккаб амалиётлардан ҳисобланган жигар ва буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди.
Президент қарори ижроси юзасидан тиббий текширув ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари давом этмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА