ҚарДУ: Халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Айни пайтда Россия Федерациясининг М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида II Ўзбекистон-Россия таълим форуми ўтмоқда ва унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов ҳамда Ўзбекистон ОТМлари ректорлари қатнашмоқда.
Форумда иштирок этаётган Қарши давлат университети ректори Д.Набиев ҳамда Россия Федерациясининг А.С.Пушкин номидаги Рус тили давлат институти раҳбарияти ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорлик доирасида “Рус тилини хорижий тил сифатида ўқитиш” бўйича ҚарДУ профессор-ўқитувчилари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш, ҳамкор олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларини маъруза ўтишга жалб этиш, рус тили бўйича қўшма таълим дастурлари, хусусан қўшма магистратура, докторантураларни ташкил этиш, илмий журналларда мақолалар чоп этиш, рус тили ва адабиёти бакалавриат таълим йўналиши талабаларининг рус тили ёзги ўқув курсларида иштирок этиш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Форумда интеграциялаш тажрибаси ва истиқболлари, мактабгача таълимдан олий таълимгача, кадрлар тайёрлаш соҳасида Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигининг асосий йўналишлари: долзарб вазифалар ва уларни ҳал этиш йўллари, илмий ҳамкорлик ва икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари тизимида рус тили ва гуманитар лойиҳалар каби қатор масалалар муҳокама қилинмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА