Қардошимсан, қондошимсан, Озарбайжон
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Ўзбекистон Республикасида Озарбайжон маданияти кунларининг якунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур маданий-маърифий тадбирга турли вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, адабиёт, санъат ва маданият намояндалари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни ва қардош мамлакатлар билан очиқ, самимий, ўзаро ишончга асосланган муносабатларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги обрўсининг тобора юксалишида муҳим асос бўлмоқда. Кўплаб давлатлар каби Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан муносабатлари бугунги кунда илгари мисли кўрилмаган мақом, аҳамият касб этмоқда. Бу эса наинки сиёсат ва иқтисодиёт, балки маданий-маърифий, ижтимоий-гуманитар соҳалар равнақига ҳам ижобий таъсир ўтказмоқда.
[gallery-17835]
Шу кунларда мамлакатимизда ғоят баланд руҳда ўтказилган Озарбайжон маданияти кунлари қардош мамлакат билан дўстона муносабатларимиз янгича асосда равнақ топиб бораётганининг яна бир амалий тасдиғидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикасида Озарбайжон маданияти кунлари иштирокчиларига табриги давлатимиз, халқимизнинг ушбу дўстлик, санъат ва қардошлик байрамига, унинг халқига бўлган улкан эътибори, эҳтиромининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Юртимизда хорижий давлатларнинг маданият кунлари кўп ва хўб ўтади. Ҳеч қайси мамлакат санъатини камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасида Озарбайжон маданияти кунлари баланд руҳда, байрамона кайфиятда, ўта самимий, дўстона муҳитда бўлиб ўтди. Бунинг асосий сабаби эса икки қардош халқнинг бир-бирига яқинлиги, ўзаро ҳамжиҳатлиги, азалий қондош, қардошлигида, десак янглишмаймиз.
Озарбайжон Республикаси маданият вазири Одил Каримлининг эътирофича, мазкур маданий тадбирлар халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
– Ўзбекистонда бўлиб ўтган Озарбайжон маданияти кунларида иштирок этганимдан жуда мамнунман, – деди таниқли хонанда, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Гуляноқ Маммадова. – Навоий юртининг фарзандлари Низомий юртига меҳмонга ташриф буюрсалар бошимиз кўкларга етади.
Дарҳақиқат, Озарбайжон маданият кунлари жуда жўшқин руҳда, яхши маънодаги тиғиз дастур асосида ўтди. Концертлар, китоб тақдимотлари, ижодий мулоқотлар, учрашувлар халқимизга ғоят манзур бўлди. Озарбайжон маданиятига оид кўргазма ушбу юраги қайноқ диёрнинг анъаналари, янги марраларни кўзлаган бугуни билан атрофлича таништирди. Мухлислар Озарбайжон санъати ўз анъаналарига, илдизларига содиқлик билан ривожланиб, гуллаб-яшнаётганига яна бир карра гувоҳ бўлдилар. Юртимизда улуғ озарбайжон ижодкори Узейр Ҳожибековнинг «Аршин мол олaн» асарини саҳналаштирмаган театрни топиш қийин. Бироқ бу спектаклни оригинал тилда, қардош халқ санъаткорларининг ўзлари ижросида томоша қилишнинг завқи, гашти мутлақо бўлакча эди. Маданият кунлари давомида тегишли ижодий ташкилот ва ўқув даргоҳлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоландики, бу келгусидаги амалий ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Тадбирда Озарбайжон маданияти кунларининг якунига бағишланган катта концерт дастури намойиш этилди. Мухлислар қардош халқнинг мусиқа, ижрочилик, рақс, хонандалик санъати ғоят бетакрор эканига яна бир бор гувоҳ бўлди. Томошабинга лиқ тўлган залда «Браво!», «Ташаккур!», «Яшанглар!» деган хитобли сўзлар, олқишлар тинмади…
Маданият кунлари поёнига етди, лекин дўстлигимиз, қардошлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз – абадий, ҳамкорлигимиз – бардавом.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА