Қарама-қарши ва турфа қарашлар...
Россия - Украина
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ташқи ишлар бўйича қўмита раиси Майкл Маккол “CBS” телеканалига берган интервьюда қонун чиқарувчи ҳокимият айрим сиёсатчиларнинг Киевга ҳарбий ва молиявий кўмак беришни тўхтатиш чақириқларига қарамай Украинага ёрдам беришни давом эттиради, деб ишонч билдиради.
Венгрия Президенти Владимир Зеленский талабига кўра қурол-яроғ етказиб беришга эмас, балки тинчликни таъминлашда Украинага шерик-ҳамкор бўлишга тайёр, деди “Kossuth Rádió” радиосига берган суҳбатида Венгрия Бош вазирининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Балаж Орбан.
“Будапешт, шунингдек, Украинанинг ЕИга киришини қўллайди, аммо, аввал камсонли миллатлар, хусусан, Карпатортидаги венгерларнинг ҳуқуқларини таъминлашда ижобий натижага эришмоғи керак”, деди у.
Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто “ЕИнинг Украинага қурол-яроғлар, шу жумладан, самолёт ва ракеталар етказиб бериш чақириқлари ушбу мамлакатдаги зиддиятнинг чўзилишига олиб келади”, деб баёнот берди.
Италиянинг собиқ Бош вазири, “Олға, Италия” партияси етакчиси Сильвио Берлускони Президент Зеленскийни танқид қилди ва Америка етакчиси Байден Украинани тиклаш бўйича “Маршалл режаси”ни таклиф қилиши кераклигини айтиб чиқди.
“Мен ҳукумат раиси бўлганимда Зеленский билан гаплашиб ўтирмас эдим, у ерга бормасдим, тобора ҳаробага айланаётган мамлакатни кўришни истамасдим. Байден эса қайта тиклаш учун Украинага уч триллион доллар бериб, оташкесинни тўхтатишни талаб қилиши керак”, кекса сиёсатчидан иқтибос келтирди “ANSA” агентлиги.
Якшанба куни Франциянинг Украина можаросида қатнашишига ва Парижнинг НАТО сиёсатини қўлламасликка қарши республика бўйлаб норозилик акциялари бўлиб ўтди, деб хабар берди Франциянинг “Ватанпарвар” партияси етакчиси Флориан Филиппо.
“Энг катта “Тинчлик учун марш” Париждаги намойишда 10 минг киши қатнашди. Ҳаммаси бўлиб мамлакатнинг 25 та вилоятида шундай норозилик юришлари бўлиб ўтди”, деди Филиппо.
Белоруссия Украина зиддиятини ҳал этишдаги уринишларини давом эттиради, деб баёнот берди Ташқи ишлар вазири Анатолий Глаз “СТВ” телеканалига суҳбати давомида “Биз Украинада тинчлик-барқарорлик бўлишини самимий истаймиз, бу қарашларимиз ўзгармаган. Минск тинчлик музокаралари ўтказиш учун жуда қулай жой”, деб таъкидлади вазир.
Бундестаг (парламенти) раисининг ўринбосари Катрин Гёринг-Эккардт Германиянинг Украинада “Тинчлик учун манифест” ташаббусини ва Киевга қурол-яроғ етказиб беришини танқид қилиб чиқди.
Зеленский Украина хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Россия билан боғлиқ 200 шахсга, шу жумладан, Россия президентининг ёрдамчилари Юрий Ушаков ва Лариса Бричева ва бошқаларга нисбатан чиқарган қарорини тасдиқлаб, уни амалга ошириш бўйича фармонни эълон қилди.
Фармон эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради, дейилади давлат раҳбари сайтида. Жисмоний шахслар, россиялик сиёсатчилар, давлат идоралари раҳбарлари учун санкциянинг амал қилиш муддати 50 йил.
ЎзА