
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида икки минг йиллик тарихга эга “Қанқа” археология ёдгорлиги ҳудуди ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳудудда уй-жойлар қурилиши, боғ ва экин майдонлари ташкил этилгани кескин танқид қилиниб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолатлар бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Миллий археология маркази, Маданий мерос агентлиги ва Кадастр агентлиги мутахассислари иштирокида ўтказилган ўрганишда ҳақиқатда айрим фуқаролар томонидан ёдгорлик ҳудудига жиддий зарар етказилгани маълум бўлди.
Маълумот ўрнида: Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида “Қанқа шаҳристони” 320-рақам билан моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.

Объект милоддан аввалги III аср – милоднинг ХII асрига тааллуқли бўлиб, у давлат мулки сифатида Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Тарихий манбаларга кўра, ушбу ёдгорлик Тошкентнинг энг қадимги пойтахт шаҳри бўлиб, Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим ўрин тутади.
Хусусан, 1977 йилда қазув ишлари натижасида очилган ва кейинчалик собиқ иттифоқ даврида “колхоз”га бериб юборилган шаҳарнинг мудофаа девори ичидаги учинчи шаҳристон ҳудуди ҳанузгача қайтариб олинмаган. Ҳудуддаги майдонлар суғорилиши натижасида ёдгорликнинг қолган қисмига жиддий зарар етказилган. Бу қадимий меъморий иншоотлар, девордаги расмлар ва бошқа ноёб топилмаларнинг емирилишига олиб келган.
Шунингдек, учинчи шаҳристоннинг жануби-ғарбий қисмини ўраган мудофаа деворини ички ва устки қисми маҳаллий фермер томонидан эгалланиб, бу жойда айрим фуқаролар уй-жой қуриб олган. Ёдгорликнинг жанубий қисмидаги мудофаа девори ички қисмида қарийб бир гектар майдон ҳам эгаллаб олиниб, турар-жой қурилган.
Ёдгорликнинг жануби-шарқий томонидаги мудофаа деворининг ички қисмидаги майдон экинзорга ҳамда маҳаллий аҳоли ва ташкилотлар томонидан чиқинди ташлаш майдонига айлантирилган. Соҳага масъул идораларнинг бефарқлиги сабабли объектнинг туристлар ташриф буюриши мумкин бўлган ғарбий ва жанубий томонидаги йўлларнинг ёдгорликка кириш қисми ҳам, афсуски, чиқиндихона вазифасини ўтаб келмоқда.
Ёдгорликнинг кадастр ҳужжатига кўра, унинг умумий ер майдони 104,99 гектарни ташкил этади. Ҳозирда унинг 0,50 гектарига фуқаро А.Б., 0,79 гектарига фуқаро Т.Б. қишлоқ хўжалик экинлари (маккажўхори) экиб, ўзбошимчалик билан ушбу ер майдонидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келмоқда.
Бундан ташқари, соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг бир қатор талабларига зид равишда Оққўрғон тумани ҳокимининг 2016 йил 8 июндаги 566-сонли қарори билан фуқаро А.П.га турар жой бино-иншоотлари ва улар билан банд бўлган ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ёдгорлик ҳудудидан 0,56 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу майдоннинг 140,4 кв. метр қисмига 3 та яшаш уйи, 2 та кириш хонаси, қурилиши тугалланмаган бино ва бостирма қурилган ҳамда бир қисмига боғ ташкил қилинган.
Ўрганиш жараёнида вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари томонидан А.Б., Т.Б ва А.П.га моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига етказган моддий зарар бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектига А.П. томонидан 10 миллиард 367 миллион 448,3 минг сўм, А.Б. томонидан 2 миллиард 423 миллион 520 минг сўм, Т.Б. 1 миллиард 93 миллион 950,0 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, агентлик тақдим этган ўрганиш ҳужжатларига кўра, вилоят прокуратураси томонидан айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 132-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА