Қандиёнда янги корхона ишга тушди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида Наманган вилоятида фаолият юритаётган саноат корхоналари яна биттага кўпайди.
Янгиқўрғон туманининг қўшни Қирғиз Республикаси билан чегарадош манзилларидан бири – Қандиён қишлоғида Хитой Халқ Республикаси инвесторлари билан ҳамкорликда амалга оширилган “Qandiyon g'isht” масъулияти чекланган жамиятнинг ғишт ишлаб чиқариш лойиҳаси фойдаланишга топширилди.

Беш миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиб, барпо этилган мазкур корхонада йилига 60 миллион дона пишган ғишт ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу нафақат Наманган, балки водий вилоятлари аҳолисининг қурилиш материалларга бўлган эҳтиёжини ҳам қондиришга эга.

Юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор натижасида хитойлик инвесторлар Шен Лианг ва Занг Жинёнг ҳамда Ўзбекистондан тадбиркор Анваржон Маҳмуджоновнинг сармояси эвазига 60 та иш ўрни яратилди.

23 гектар майдонни эгаллаган мазкур янги корхонанинг тақдимот маросимида Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бундай энергиятежамкор қувватларнинг ишга туширилиши, аввало, унинг сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлари билан ички ва ташқи бозорда муносиб ўрин топишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.