Қамчиқ довонида яна қор ёғдими?
Кеча кун бўйи республикамиз ҳудуди бўйлаб кучли ёмғир ёғди. Айни пайтда бундай ёғингарчиликлар тоғли ҳудудларда давом этмоқда.
Ҳатто кеча куннинг иккинчи ярмида Қамчиқ довонида кучли қор ёғишни бошлади. Ушбу ҳолат эса довон йўлларида автомобилларнинг хавфсиз ҳаракатланишига ўз таъсирини ўтказди.
"Қамчиқавтойўл" ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг маълумотларига кўра, кеча ва бугун тонгда довонда ёққан қор йўлларни қоплаб, автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига жиддий таъсирини ўтказа бошлаган.
Мазкур ҳолатни бартараф қилиш учун корхона томонидан ишга киришилиб, туни билан йўллар тозаланди. Айни пайтда Қамчиқ довони орқали ўтадиган А – 373 “М-39 Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон – Андижон – Ўш” халқаро автомобиль йўли ҳаракатланиш учун хавфсиз. Қамчиқ довонида вақти-вақти билан кучсиз қор ёғиб турибди. Ҳаво ҳарорати 2 даража совуқ, намлик 84 фоизни ташкил қилмоқда. Ҳаво булутли.
Мутахассислар Қамчиқ довонидан ўтишга отланган фуқароларни огоҳликка чақиради. Шунингдек, довон ҳудудида қор кўчиш хавфи борлиги ҳам эълон қилинди.
А. Мусаев, ЎзА