“Қамчиқ” довонида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш чоралари кўрилмоқда
Қиш мавсуми яқинлашар экан, тоғли ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш, йўл ва транспорт инфратузилмаси объектларининг узлуксиз ишлашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, “Қамчиқ” довони каби мураккаб тоғли ҳудудларда мавсумга пухта тайёргарлик кўриш муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли, довонда 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, хавфли геологик жараёнларнинг олдини олиш ҳамда транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекгидрогеология” ДМ Давлат геологик мониторинг хизмати ҳамда тегишли фавқулодда вазиятлар тизими ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилиш мазкур масалалар ижросига бағишланди.
Тадбирда довон ҳудудидаги автомобиль ва темир йўл инфратузилмаси объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўли ҳамда “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўлининг “Қамчиқ” довонидан ўтган қисмида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди.
Шу билан бирга, довонда хизмат олиб борувчи куч ва воситаларнинг шайлиги, хавфли геологик жараёнлар таъсири мавжуд бўлган участкалардаги вазият ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар таҳлил қилинди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, йиғилиш якунида масъул ташкилотларга куз-қиш мавсумини хавфсиз ўтказиш, йўл инфратузилмасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва хавфли геологик жараёнларнинг олдини олиш бўйича тегишли вазифалар юклатилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА